Қазои Қадар. Аббос Саид. Читать онлайн. Newlib. NEWLIB.NET

Автор: Аббос Саид
Издательство: Yangi asr avlodi
Серия:
Жанр произведения:
Год издания: 0
isbn:
Скачать книгу
сигнал берди. Кўчадаги автомаркаб сигнали Кариманинг жонига ҳам оро кирганини шу дамда илғади, йўқса “мана ҳозир йиқилиб тушсам керак”, деб мулоҳазаланиб турганди, дабдурустдан у ўзини ўнглаб олганини сезди. Буни Тоҳира сатангга тик қарай олганидан англаб етди.

      Ўғли берган сигнал овозини эшитган Тоҳира сатанг ҳам типирчилаб қолди. Уни шу дамда Кариманинг аҳволи эмас, балки Асқарнинг келмагани ва бу хонадондан олиб кетишни мўлжаллагани пулни ундиролмагани ташвишлантирар, шу боис ҳам ўзини қўярга жой тополмай:

      ‒ Менга қаранг келин,‒ деди, Кариманинг исмини айтишни ҳам истамаганини энсаси қотиб тишларида баайни данак чақаётгандай совуқ юзини бужмайтирганидан, чап қўлини паншаха тарзи кўтарганидан ҳам билиш қийин эмасди: ‒ Менга қаранг, эрингиз ҳали келадиган балога ўхшамайди! Баҳодир ўқишга шошиб турувди ‒ бугун кечқурун ё бўлмаса, узоғи билан эртага кечгача ўша пулларни бизникига олиб бориб берсин! Ўшанда доллар бирга-бир эди!.. Совет пули қадрли, бир сўмга бир доллар берарди! Менинг гапларимни тушунгандирсиз? Асқаргаям қандай тушунтирган бўлсам, шундай етказинг! Хўпми? Қўшиб-чатиб ўтирманг, унда иш бошқачасига айланиб кетиши мумкин-а?! ‒ деб огоҳлантирган бўлди-да, қўлидаги сумкасини шарақ этиб очиб ниманидир қидиришга тушди.

      Унинг бир пайтлар дўконда ишлаганини, ўша кезлари Рашид ака бошқа бир ўқиган қизни оламан деб туриб бу Тоҳира сатангга йўлиқиб қолганини бирда қайнонаси Собира опадан эшитганди. “ Подшонинг ишқи қурбақага тушибди”, деганди ўшанда қайнонаси мана шу овсинини назарда тутиб, “Ҳақиқатда ҳам қурбақа экансан, вақиллайверасан-вақиллайверасан ‒ овсининг сен ҳақингда топиб айтган”, деди у ичида, Тоҳира сатангнинг қисиқ кўзларига, совуқ башарасига нечанчи бор нафратомуз боқиб. Унинг эски совет пулини долларга чақиши ва “мана бунча берасанлар”, деб дўқ уриши, худди булар еб, у қуруқ қолгандай қилаётган қўрс муомаласи иззат-нафсига қаттиқ теккани учун ҳам:

      ‒ Асқар акам келсинлар, айтаман барча гапларингизни, ўзлари биладилар нима қилишларини! ‒ деди Карима, ўз навбатида у ҳам бўш келишни истамади. Унга Тоҳира сатангнинг юқоридаги шарт қўйишлари қаттиқ ботган, шунинг учун ҳам бир жириллагиси, додини бериб қўйгиси, қайнотасидан эшитгани укаси Рашид дўкон ва унинг оиласи ҳақида, уларнинг бетамизлиги борасида бир-икки воқеани сўзлаб бериб унинг ҳам ўтакасини ёрмоқчи бўлди-ю, лекин талай мулоҳазаларга бориб ниятидан қайтиб, ўзини босмоқликни маъқул топди.

      Туйқус Тоҳира сатангнинг қисиқ кўзлари янада қисилиб, учбурчакка монанд ияги қалтираёзди. Уй эгаси “менинг паст келмаганим оқибатида ана шу кўйга тушди” деб ўйламаслиги учун, боз устига, у ҳеч қачон у ёхуд эри Асқардан чўчимаслигини, бу ерда гап бўлак нарсада эканини намойиш қилиш мақсадида ўзини яна қўлга олгандай тарзда гавдасини ғоз тутишга уринди, сўзларида ҳам ана шу дадиллигини исботлашга ошиқиб истеҳзоли, зўрма-зўраки кулишга тиришиб:

      ‒ Ўзлари биладилар нима қилишларини дедингизми?