Риҳси кампир неваракелини унга астойдил ачинаётганини кўриб, унинг олдида ноқулай аҳволда қолди. Нима дейишини ҳам билмай гарангсиради, чор-ночор чучмал бир тарзда:
‒ Ҳа, қаричилик-да энди, сал қоқилиб кетдим, ‒ дея ёлғон сўзланди. Шу дам кўзи ёстиғи устида турган қизил баҳмал жилдли Қуръонга тушиб, ўзининг ёлғон сўзлаганидан хижолатланиб, ҳақиқатда нима юз берганини айтмоққа тараддудланди-ю, бироқ журъат қилолмади, лабини тишлашга мажбур бўлди.
Карима қайнонабувиси ҳақиқатни яшираётганини сезди. Шу сабадан ҳам кўп тиқилинч қилмади, токчада турган катта оқ лас сочиқни Риҳси кампирнинг тиззасига солиб қўяркан:
‒ Келинг буви едириб қўяман, ‒ деб яна қўлини токча томон чўзиб, у ердаги оқ косанинг ичида турган кумуш қошиқни қўлига олди, уни оқ лас сочиқнинг бир чеккаси билан артди-да, ёпган нондан икки-уч бўлак ушатди. Пахтагулли косадаги ширгуручдан қошиқда ярим қилиб тўлдириб, энди кампирнинг оғзига тутишга чоғланганди, у невара- келинини тўхтатди-да, астойдил эътироз билдиришга тушиб:
‒ Ўзим манави чап қўлимда еявераман, ўргилай, ‒ деди, пича ўзини ноқулай ҳис этиб довдирашгача борди, каловланди. Аммо ҳеч иложини тополмади, боз устига, чап қўлда қошиқ ушлаш мусулмончиликка тўғри келмаслиги туфайли, яна Кариманинг олдида бундай қилишга бети чидамаганидан ҳам ичдан сиқилди.
Карима унинг ноқулай аҳволда қолганини пайқаб, ҳадеганда:
‒ Овораси борми буви, сизга хизмат қилишдан фақат хурсанд бўламан, ‒ дейишини қўймай, кампирнинг кўнглини овлаган бўлиб, қошиқдаги ширгуручни чор-ночор унинг измига бўйсунган Риҳси кампирнинг ярим очиқ оғзига суқди. Сутли бўтқанинг таъми унга маъқул тушди чоғи, аста-секин уни ейишга киришди.
Пича ўтиб, коса яримлагач, Риҳси кампир “етар” дегандай ишорада неваракелинининг билагидан ушлаб:
‒ Раҳмат болам, анча едим, бундан ортиғи мана бу хурмачага сиғмайди, ‒ дея қорнига ишора қилиб мийиғида кулди, ортидан эгнига кийгани одми мошранг штапел кўйлагининг этагига тўкилган бир-иккита нон ушоғини чап қўлида терган бўлиб, Карима узатган ликопчага ташлади, кўйлагининг этагини тўғрилади ‒ ана шу хатти-ҳаракатларидан ҳам хижолатланганини юз ифодаси ила ошкор этди.
Карима унинг хижолатланаётганини яхши пайқагани важидан:
‒ Ҳеч бир ташвиш чекманг, буви! Чой ичасизми? Чой келтириб берайми? ‒ деб манзират қиларкан, токчанинг миёнасида турган кўк атласгулли чойнакка нигоҳини қаратиб ҳам улгурмасидан, кампир уни тўхтатиб:
‒ Ана шу чойнакда янги дамланган чой бор, шундан бир пиёла қуйиб берсангиз бўлди, ‒ деди, ортидан қўшиб қўйди: ‒ Сиз келишингиздан сал илгари неварам дамлаб берувди, Мадина мактабга кетаётганида дамлаб бериб кетганди…
Карима токчадаги тагида оқ ликопчаси бўлган чойнакни эҳтиётланиб,