Йўлтурди бу сафар қарияга лом-мим дея олмади. Бир оғиз сўз дегудай бўлса, бундан бешбаттар дакки-дашном эшитиши, табиийки кутмагани маломатларга қолиши ҳеч гап эмаслигини фаҳмлаб, яна ҳадеганда Абдурасул отанинг сўзларини тасдиқлаб бош тебратишини қўймаётган Тошмуродга хўмрайиб қараб, қўлидаги икки буклоғлиқ пулни Сафохонга тутқизаркан:
‒ Бу ерда минг доллар. Қолган икки мингини эрта-индин у одамдан опкеб бераман, ‒ деди.
Сафохонга унинг безбетлиги ёқмади. Боз устига “эрта-индин опкеб бераман”, деб ёлғон ваъда бериши гўёки унинг устидан кулишдек кўриниб кетиб, шерикларининг олдида ўзини ғурури поймол этилгандай ҳис этаркан, Йўлтурдининг қўлидан пулни олмади. Эркаклик шаъни барча нарсадан устунлигини намойиш этгандай бир авзода норозилик билдириб:
‒ Ярим йилдан ошди-ку, сизга пул берганимга Йўлтурди! Ахир, ундаймас-да! Ҳаммасини тўғирлаб беринг, кейин қўлингиздан оламан! ‒ деб ўз сўзида қатъий турди.
Йўлтурди унинг юмшоқ табиат одам эканини яхши биларди. Ҳозир эса Сафохон шерикларига, айниқса, ёнидаги ёши бир жойга бориб қолган мўйсафидга орқа қилиб шу бугуноқ пулни топиб беришни талаб этишидан ижирғанди, шу сабаб уни мазах қилгандай иршайиб:
‒ Бу пулниям машинамда ўтирган ҳув анави ошнамдан обтурибман! Ишонмасангиз бориб сўранг, Сафохон! ‒ деди-да, ўша ёққа эътиборини қаратган эди, автомаркабда ўтирган Қурбат нима учундир юзини қўллари ёрдамида тўсишга, иложи борича буларга тескари ўгирилишга, кўринмасликка уринаётганига кўзи тушди.
Абдурасул ота ҳам унинг ортидан қора “Нексия” томон истеҳзола-ниб боқаркан:
‒ Ўша сиз назарда тутаётган оғайнингиз, ўша, иложи борича мендан яширинишга, менга кўринмасликка уринаётган ошнангиз марҳум синглимнинг ўғли, яъни жияним бўлади! У ҳеч қачон бировга пул берадиган анойилардан эмас! Бировнинг пулини тортиб олса-оладики, аммо бировнинг хожатини чиқаришга тоби йўқлардан, сира тоқати йўқлардан-да! Сиз уни яхши билмас экансиз! ‒ деди, шуларни маълум қиларкан, нонвой Тошмурод тарафга ўгирилиб: ‒ Ҳув бирда, пул алмашганда Асқар бунинг анча-мунча пулларини тўғрилаб берган, алмаштириб берган демоқчиман-да, девдим, кейин палакат босиб катта дўконларига текширув келганида, “Ўша пулларни жойига қўйиб турайлик, яна қайтариб оласан, йўқ бўлиб кетмайди!”, деганида, “Менга ҳеч қандай пулларни алмаштириб бермагансан, мен сени танимайман!”, деб туриб олган номард жияним мана шу нусқа бўлади, сенга бирда айтиб берувдим шекилли, Тошмурод?! ‒ деб эслатган бўлди, тағин жияни Қурбат томон нафратланиб қараб қўйди.
‒ Анави вокзал-аэропортларда билет тарқатиб юрадиган жиянингиз-да, а? Анави “афирист” девдингиз, “ўғлимга шу ишни қипти у номард” девдингиз, ўшами?!
‒ Ҳа, ўша, ‒ деди Абдурасул ота, кейин нима дейишини билмай қизаринқираган Йўлтурдига ўгирилиб, ҳар икковига ғазаб ва қаҳрини сочгандай нигоҳда, ҳар иккисининг ҳақиқий башарасини очгандай авзода сўзланди: ‒ Сиз ундан қишда қорни