‒ Ҳа, ўша ердаман! Саккизинчи раста, тўртинчи қатор ‒ борсангиз топиб оласиз! ‒ деди.
‒ Эртадан қолмасин! ‒ орага қўшилди нонвой Тошмурод. ‒ Бизлар тағин бу ерга овора бўп кеп юрмайлик, бензин фалон пул-а, биласиз-а, Йўлтурди-ии?! ‒ у ана шуларни даракларкан, Йўлтурдининг устидан кулгандай исмини тилга олаётганида охирги “и” ҳарфини чўзиброқ талаффуз этди. Бу билан гўё “эҳтиёт бўлмасангиз аҳволингиз “вой” бўлади-я!”, деб хитоб қилган, ана шунга ишора қилган бўлди. Буни нафақат Йўлтурди, балки ёнидаги Сафохон ва Абдурасул ота ҳам пайқашди. Ана шу пайқашгани важидан ўз навбатда улар ҳам Йўлтурдига “эсингни йиғиб иш тут, акс ҳолда жабрини тортасан-а!” дегандай маъно-мазмунни акс эттириб истеҳзоланиб назар солишди.
Абдурасул ота Тошмуроднинг юқоридаги сўзларидан руҳланиб, ўзида шижоат ва дадиллик пайдо бўлганини ҳис этиб, ҳеч бир тап тортмай, иштиёқи ошиб жияни ўтирган “Нексия”га қараб юрди. Унга яқинлашиб олди эшикнинг тутқичига қўлини узатган ҳам эдики, тоғасининг важоҳатидан қўрқиб кетган Қурбат автомаркабдан ҳовлиқиб ташқарига тушиб, унга салом бериб кўришмоққа тутинганди, Абдурасул ота унинг на саломига ва на ўзи томон чўзгани қўлига эътибор бермади, адоватини очиқчасига сездириб, ғазабнок авзода:
‒ Сен ярамасга дадам раҳматли яхши ниятда Қурбат деб исм қўйгандилар!.. ‒ деди, энди жумласининг давомини сўзлашга тараддудланганди, берган саломи ва чўзган қўли жавобсиз қолган жияни уни охиригача эшитмай, дарров қиёфасини ўзгартириб, тоғасига хезлангандай у томон интилиб:
‒ Нима қипти исмимга?! ‒ деб кўзларини олайтириб баланддан келди, айни дамда унинг совуқ, ғижимлаб ташланган қоғозга ўхшаш бурушиқ башараси тиришиб кетган, ўзини гўё айбсиз абдордай тутар, тўнғич тоғасининг шаънини оёқости қилувчи таъналарига чидолмагандек қилиб кўрсатар, буни кексайган одам олдида кўкрагини ғоз тутиш, ўзининг ҳеч бир нуқсонсиз одам эканлигини намойиш этиш орқали исботламоққа уринаётганди.
Абдурасул ота унинг феълини жуда яхши билгани учун мана бундай хезланиб чиранишига ҳеч бир парво қилмади, билъакс унга қасдма-қасдликка олға юриб уни орқага тисарилишга мажбур этаркан:
‒ Сен Қурбат эмас, Ғурбат экансан, тушундингми? Ана шуни бетингга айтмоқчи эдим! Билсанг агар, сен бу исмга номуносибсан! ‒ дея омади гапни айтган бўлди.
‒ Нега номуносиб эканман? Нима қипман ғурбатлик қилиб?! ‒ тап тортмади Курбат, тоғаси нега бундай деяётганини балодай сезса-да, лекин ўзини сезмаганликка олиб, тўғрироғи, туллаклик қилиб яна сўради: ‒ А, нима қилдим?!
Абдурасул ота унинг доғулилигидан яна ҳам жиғибийрон бўлди. Асабийлашиб ён-верига қаради, бошини тебратиб жиянига “аблаҳсан!” деган йўсинда кўзларини ўқрайтирди, юраги алланечук уриб, бутун вужуди титради ‒ бу ҳолати унинг