Автомаркабда ўтирган Қурбат бу ерда тўнғич тоғасини кўриб қолишини сира кутмаганди, фалокат босиб у нариги “Москвич”да эканига кўзи тушиши замони “у мени кўрмайди”, деган хаёлга бориб ўриндиқ тагига кириб кетгудек бўлиб сирғалиб пастлашиб ўтириб олди, гўё ана шу йўл билан тоғасидан қутулмоқ илинжида эди.
Йўлтурди аввал Сафохон билан сўрашди, кейин эса ҳайдовчи иккови бу сафар ҳам кекса бир мўйсафидни бошлаб келганларини кўриб ичидан ижирғанса-да, аммо бу ҳолатини ташқи қиёфасида ошкор этмади, ўзи томон чанг солгудек авзода ўқрайиб келаётган Абдурасул отанинг қош-қовоғига ҳам аҳамият бермай, тўғрироғи, бу ҳолни сезмаган кишидай бўлиб унга салом бериб сўрашди. Қариянинг хўмрайиши сабабини тушуниб дарров нигоҳини ундан олиб қочиб, нонвой Тошмурод билан ҳам сўрашди, тағин Сафохон томон ўгирилиб:
‒ Анча кутиб қолган кўринасизлар, шундайми? Мен ана ўша пулни бериб қўйганим одамникига бориб келяпман, афсус уни учратолмадим, қандайдир бир делегация билан юрган экан. Шундаям машинамда ўтирган анави оғайнимдан озроқ қарз олдим, ‒ дея чўнтак титкилашга киришди.
‒ Ахир, Йўлтурди, келишгандик-ку! Кеча эртага келсангиз пулингизни бериб юбораман, опкетасиз деган бир гапни қилгандингиз, бугун эса мана бундай деяпсиз, мен сизга ишониб эдим… ‒ ундан ранжиб пешонасини тириштирди Сафохон, худди ёш болаларга ўхшаб шерикларига кўзларини жавдиратди.
‒ Менга ишонганингиздан экан-да, мана бу дўдани тағин бошлаб кепсиз! ‒ ярим ҳазил аралаш унга дакки берди Йўлтурди. ‒ Бу билан бир нимага эришмоқчимисиз? Ўзингиз келаверсангиз бўлмасмиди, Сафо?!
Сафохонга унинг ҳеч паст тушмай дакки-дашном бериши, яна “бу билан бир нимага эришмоқчимисиз?” деган мазмундаги таънаомуз таҳқирлаши қаттиқ ботиб, манглайидан муздек тер чиқиб кетди. Бошқа томондан эса, эркаклик ғурури, шаъни топталиб, ўзини-ўзи оёқости қилгандай кўрингани боис, яна ҳам хижолатли вазиятда қолиб:
‒ Буларнинг келишига сабаб, булар… масжидимиз олдига айвон қурилаётганди, ана шу отахон бошчилигида… ана шу маблағ ҳозир бизга жуда зарур бўлиб қолди, ‒ деди, айни дамда Йўлтурди эмас, унинг ўзи ҳеч ҳавас қилиб бўлмайдиган шароитга тушгандайин, бемаврид ташрифидан азият чекиб, эски танишининг рўпарасида изза бўлганини ҳис этди.
Йўлтурдидай бир қаллоб, безбетнинг олдида Сафохоннинг ўзини ожиз тутиши, айбдор