‒ Яхшиям Абдурасул отага ўхшаган оқсоқолларимиз бор, бўлмаса дунёни қиёмат кўпармиди?! ‒ деди, бу жиддий, айни дамда юқори савиядаги гап бўлганини дилдан ҳис этди.
Абдурасул ота ўта сезгир эмасми, унга нонвойнинг қочирими ёқмади ‒ нонвой сифатида касбига ярашиқ гап қилмади-ю, бироқ кўчада тирикчилик қилиб юрган хашаки киракашларнинг ҳазилидан бўлди деб мулоҳазаланиб қўяркан, асли илм одами бўлган Сафохоннинг кўнгил кўтарар сўзлари қулоғига ёқиб, қалби юмшаб, кўзларига ёш қуйилиб келиб:
‒ Мен ўтганимдан кейин эслаб юрсанглар бўлди. Мен мана шу масжидимиз обод бўлсин, тириклигимда ‒ кўзим очиқлигида унинг “жоме масжиди” номини олишини кўрайин, ҳужжатлари тўғри бўлишида озми-кўпми ҳиссамни қўшайин деб сизлар билан бирга югуриб-елиб юрибман-да! Роббимнинг ҳузурига борганимда юзим ёруғ бўлишини истаяпман, холос! ‒ деб юрагида йиғилган армонини, холис ниятини улар билан ўртоқлашган, яна бир бор ошкор этган бўлди.
Унинг сўнгги сўзлари Сафохонни ҳам алланечук ийдириб, кўзларидан ёш чиқартириб юборди. У қариянинг нияти холис, юраги тозалигига тағин бир карра ишонч ҳосил қиларкан, нечанчи бор унга таскин-тасалли бериб:
‒ Ҳали кўп йиллар яшайсиз Абдурасул ота, бизларга бош бўлиб юрасиз, тўғрими Тошмурод? ‒ деди, рулни бошқариб келаётган нонвой ҳам унинг юпатувчи таскиннамо сўзларини тасдиқлашини, уни қўллаб-қувватлашини истади.
Нонвой Тошмурод ҳам унинг сўзларини маъқуллагандай бош чайқатиб:
‒ Ҳали яхшисиз, кўз тегмасин яхшисиз, Абдурасул ота, ‒ деди, хаёлан эса: “Қариядан бунга ўхшаган гапларни неча бор эшитганман, унга тасалли берганман, сиз энди эшитяпсиз-ку Сафохон! Абдурасул отанинг ушалмаган орзуси шу бўлиб қолган, холос! Ўтирса, турсаям, юрса ва ҳатто ётганидаям фақат шулар ҳақида ўйлайдиган бўлиб қолган буёқ!”, деб сўзланиб қўйди, ана шу кўнглидан кечган кесатиқ мазмундаги қочирим сўзларини орқа ўриндиқда ўтирган Сафохон пайқагандай, уни бу ўйларидан огоҳлантиргандай бир авзода пешанасини тириштириб кўзгучага қараб олди.
Улар бир-икки бекатча йўл босиб, ўнгдаги кўчага бурилишди. Нонвой автомаркабини тошкўчанинг адоғидаги қизил дарвозага яқин ерда, тикка қалин шоҳлари ҳар ёққа тарвақайлаган балҳи тут тагида тўхтатди.
4
Сафохон бошқалардан аввал орқа эшикдан пастга, ташқарига тушди. Уни ёпар экан, олди ўриндиқда ўтирган шерикларига юзланиб:
‒ Сизлар машинадан тушиб ўтирманглар, мен аввал билай-чи, ўзи Йўлтурди уйдамикин! ‒ деди.
Абдурасул ота Сафохондан пул олган йигитнинг исми Йўлтурди эканини аввалги сафар ҳам эшитганди-ю, бироқ хотирасида сақлаб қололмаганди, ҳозир унинг оғзидан ана шу исмни яна эшитгач, ёнидаги