Сенингдек жони Ширин қанда бўлсун.63
Китобхон биринчи ийҳом кўрсаткичини тарихий шахс Хусрв Парвез ва шоҳ маъноларида тушунса, иккинчи ийҳом кўрсаткичи – Хусравнинг маъшуқаси Ширин ва унинг луғавий маъносини ундан-да тезроқ идрок этади.
Тўртинчидан, тасҳифли ийҳомлар. Буларнинг табиати шундайки, шоир ийҳом кўрсаткичининг иккинчи маъносини бирозгина фонетик ўзгариш билан юзага чиқаради. Мавлоно Саккокийдан:
Кўруб гултек юзинг рангини кўздин юз чаман бўлди,
Ақиқ эрнингни кўргали кўзум ҳоли Яман бўлди. (Ҳаёт васфи, 257-бет).
Китобхон ақиқ ва Яман таносибини идрок этмасдан бурунроқ “Яман” сўзини “ёмон” маъносида ҳам тезроқ тушунади.
Тил нуқтаи назаридан ёндошилса, ийҳомлар фонетик, морфологик ва синтактик усулларда яратилади. Ийҳомларнинг асосий қисми морфологик усулда яратилади, яъни китобхон бирор сўзни икки маънода тасаввур этишда унинг тажнислик – омонимик хусусияти жиҳатидан ёндашади. Ўқувчи биладики, сўз кўп маънолилик хусусиятига эга, шунинг учун у сўзнинг янги маъносини ўйлаганда аввало омонимлик хоссасидан келиб чиқади. Масалан, Гадоийнинг қуйидаги байти мутолаасида:
Магар топкай нишони ногаҳон лаълингнинг оллинда,
Кўзум ёш элчисин ҳар дамда юз сори равон айлар. (Ҳаёт васфи, 493-бет).
“Юз” сўзининг “чеҳра” маъносидан ташқари, омоними – миқдорни билдирувчи 100 маъноси ҳам бор. Шунинг учун китобхон иккинчи мисрани қуйидагидек икки маънода тушуниши мумкин:
1. Кўзим кўз ёши элчисини чеҳра томонга йўллайди.
2. Кўзим кўз ёшини юз (100) томонга оқизади.
Фонетик усулда шоир ийҳом кўрсаткичини белгилаганида иккинчи маънога мос келиши учун бироз товуш ўзгаришини назарда тутади. Юқорида биз бу усулда яратилган ийҳом намуналарига тўхталганмиз (Тўхтамиш-тўқтамиш, ёмон-Яман сингарилар).
Синтактик усулда шоир ийҳом кўрсаткичларини белгилаганида бир маъносида икки сўз тарзида, иккинчи маъносида икки сўзни қўшиб бир сўз ҳолатига келтиришни назарда тутади. Чунончи, қуйидаги байтдаги ийҳом кўрсаткичларини икки маъносига кўра байт ҳолатини кузатайлик:
Сен ўзбегимсан улуснинг ичинда онинг учун,
Қиё кўзум сенинг ўрнинг кўнгул саройинда. (Саккокий).64
Маъноси: Сен ўз бегимсан улуснинг ичинда онинг учун…
Ёки:Эй кўзи қаро, боғи висолинг ҳавасиндин,
Най кипригимизнинг орасинда Арасе бор.
Маъноси: Эй кўзи қорабоғи, висолинг ҳавасиндин…
Ийҳом яратишнинг ҳар уч усули халқ оғзаки ижодининг аския жанрида фаол иштирок этади. Камина “Шеър санъатлари” номли 1972 йилда (Хўжанд) чоп этилган рисоламда ийҳомдан лутф санъатини ажратиб ўрганганман. Кейинги изланишлар, мулоҳазалар ушбу икки санъатнинг битталиги ва уни ийҳом атамасида бериш маъқул, деган хулосага келтирди. Чунки биз, адабиётшунослар осон идрок этиладиган икки маъноли матнни лутфга, нисбатан ўйлатадиган, қийинроқларини ийҳомга тегишли, деган фикрда эдик. Бундоқ ўйлаб қарасак, матн икки маънолилигини идрок этиш бадиий