Фарзандлари ҳақида аниқ гапларни билмайман. Лекин эшитганларим бор: бир қизлари Москвада ўқиётиб, рус йигитга кўнгил қўйибди. Ота “шу ишинг яхшимас”, деб насиҳат бошлаганда қиз: “Шу паст сиёсий онгингиз билан қандай қилиб, республика ёзувчиларини бошқаряпсиз?” деб танбеҳ бергач, тўйларини ўтказиб қайтган эканлар. Бу воқеанинг қанчаси рост, қанчаси миш-миш билмайман. Уйларида кўп бўлдим, кўп суҳбатлашдим, аммо фарзандлар ҳақида ўзларидан бирон-бир сўз эшитмадим.
Яшин аканинг уйларига борганимда Ҳалима опа меҳрибонлик билан кутиб олардилар. Биринчи борганимда адиб бир оз хаста эканлар, Ҳалима опа мени танимасалар ҳам зорланиб қўйдилар:
– Ўғлим, Яшин акангиз бетоблар. Сиз ҳечам артисткаларга уйланманг. Мана, мени қаранг, бир қошиқ мастава қилиб беришга ҳам ярамаяпман.
– Тўғри айтасиз, опа, шуни билганим учун ҳам артист қизга уйланмаганман. Устозга кўнгиллари тусаган ширин таом пишириб берайинми?
– Йўқ, бугун қариндошимизнинг қизи келган, овқатга уннади. Туновинда ҳам биттаси келувди, қўли сал эгрироқ экан, ҳайдаб юборувдим, бунисига кўз-қулоқ бўлиб турайин-чи, сиз тепага чиқаверинг.
Ижодхоналари иккинчи қаватда экан, шу ерда суҳбатлашдик. Аввал майдароқ туюлган фикрлардан бошладим. Масалан, Ҳамзанинг хотини қабрига гул қўйиши тасвирланган баён бор.
– Ўтмишда қабрга гул қўйилмаган, – дедим.
– Камчиликни тўғри пайқабсиз, қабрга шамчироқ ёқтирамиз, – дедилар.
– Исломда шам ёқиш ҳам йўқ, бу зардўштийлардан қолган одат, Ҳамза буни билган бўлиши керак, – дедим.
– Ҳа, Исломда йўқ, лекин халқ одатида бор. Ҳозиргача бор. Қабрдан ташқари ошхона ва уй бурчакларида ҳафтада бир шам ёқадилар. Ғафур аканинг “Шум бола”си бойни лақиллатаётганда “арвоҳлар ёниб турган шамнинг пилиги билан ўйнашади”, дейди-ку, эсингиздами?
Шу каби майда камчиликлар