Ҳамзанинг тақдири жуда чигал, ҳаёти ва ўлимида тушунарсиз ҳолатлар кўп. Унинг истеъдодли шоир ва дастлабки драматурглардан эканини тан олшимиз керак. Ўн еттинчи йил тўнтаришига қадар икки тилда ёзилган ғазаллари адабиёт тарихини безайди. Илғор фикрли жадидлар сафида бўлгани ҳам ҳақиқат. Ҳамзанинг “Ўзбек театри асосчиси” деб мақталиши ёлғон бўлса-да, драматургия ва театр тарихидаги ўрни бутунлай инкор этилмаслиги лозим. Айниқса унинг “Фарғона фожиаси” драмаси унутилмаслиги керак. Бу асар 1918 йилда Тошкентнинг Эскижўвасида намойиш этилган. Иккинчи куни “ЧК” ходимлари келиб томошани тўхтатишган. Чунки унда Фарғона аҳлининг дашноқлар томонидан қирғин қилинаётгани ҳақгўйлик билан фош этилган. Мазкур ҳолат бўйича Туркистон Марказий Ижроия қўмитаси текширув олиб бориб, фожиа тўғри талқин қилинганини тан олган ва дашноқларга нисбатан чора кўрилган, лекин асарнинг намойиш этилишига барибир ижозат берилмаган. Асарнинг қўлёзма нусхаси ҳам тортиб олинган. Мен бу асарнинг тақдири ҳақидаги гапларни шу спектаклда роль ижро этган Исҳоқ ака деган одамдан 1977 йилда эшитганман. Бу киши 19-йилда большевиклар партиясига аъзо бўлиб, юқори мартабаларда ишлаган, ўттизинчи йилларда эса “халқ душмани” туҳмати билан қамалган эканлар. Мен у кишини сўраб-суриштириб топганимда Чилонзордаги газета дўкончасида ишлар эканлар. Суҳбатимиз чоғида ҳам ҳадиксираб туришларини сездим. Қамоқдан озод қилиниб, оқланганларига кўп йиллар ўтган бўлса-да, юракларини қўрқув ҳали тарк этмаган экан.
Замон қалқиб турган пайтда жадидларнинг зукколари большевикларнинг сиёсатларидаги алдовни сездилар ва уларга хизмат қилишдан ўзларини тийдилар. Ҳамза эса бу борада янглишди. Ўзининг санъат группаси билан астойдил хизмат қилди. Кейин “кўзи очилиб” ўзини бу хизматдан тортган пайтда большевикларга кераги бўлмай қолган эди. Шу пайтда у фитнанинг қурбони бўлди. Юқорида