Ҳаёт қайиғи (3 китоб). Тохир Хабилов. Читать онлайн. Newlib. NEWLIB.NET

Автор: Тохир Хабилов
Издательство: SHARQ
Серия:
Жанр произведения:
Год издания: 0
isbn: 978-9943-26-897-5
Скачать книгу
Янги иш бошлаган кунларим мени ҳам даврага тортишга, биринчи галда “эритиш”га уриниб кўришди. Бир куни акалар ўртага олишди:

      – Нашриётда яхши анъаналар бўлгувчи эди. Янги ишга келганлар “эрир”ди… – деб мен томон имо-ишоралар қилишганда дедимки:

      – Акалар, мени эритаман, деб овора бўлманглар, астойдил уринсанглар тошни эритарсизлар-у, аммо менга кучинглар етмайди. Гап хасисликда эмас, ўзингизга маълум мен бир жойда узоқ ишламайман. Иш жойим ҳар ўзгарганда “эрийверадиган” бўлсам, пачағим чиқиб кетади-ку?

      Ҳазил тарзида айтган бу гапимдан кулишди, яна бир оз гапни айлантиришди-ю, тошдан қаттиқ эканимга ишониб қўя қолишди.

      Шундай яхши жамоада ишлаб юрганимда яна иссиқ жойни совутишга тўғри келдики, бунда каминанинг мутлақо айби йўқ, деб ҳисоблардим. Кейин ўйласам, баландроқ мартаба жилваси ақлимни олган экан. Шу боис ўзимни оқлай олмайман.

      Тўртинчи қисм

      ЮЛДУЗЛИ ТУНЛАР, ЗАҲМАТЛИ КУНЛАР

      Улуғлик кетидан қувма

      1982 йил январь ойининг охирлари, навбатдаги қўлёзмани уйда ўтириб таҳрир қилиш билан банд эдим. Нашриётдаги ҳамкасблардан бири келиб “Сизни Сарвар Азимов чақираётганмиш. Уюшмага боришдан аввал Лола опага албатта учрашар экансиз”, деди. Вақт пешиндан ўтган эди, “эрталаб бора қоларман”, десам, “Сизни ҳозироқ бошлаб боришим керак экан, отни эгарланг”, деди. Лола опа мени нохуш кайфиятда қаршиладилар:

      – Сарвар ака сизни ишга чақирсалар керак. Сиз қаттиқ туриб “йўқ” денг. “Тоҳир ишда қўнимсиз”, дейишганда “Бизда доимий ишлаб қолади”, деб ишонтирганман, мени бебурд қилманг, – дедилар.

      – Лола опа, менинг ишдан кетиш ниятим йўқ, нимага чақираётганларини ҳам билмайман, – десам ҳам анчагина нордон гапларни эшитдим.

      Сарвар Азимов шошиб турган эканларми, ҳар ҳолда гапни калта қилдилар:

      – Эртадан бошлаб “Шарқ юлдузи”да масъул котибликни бошлайсиз. Иш ҳам оғир, вазият ҳам оғир, лекин сиз ёшсиз, эплаб кетишингизга ишонаман.

      Бу гапларни амр оҳангида айтдилар. Менинг фикрим, хоҳишим билан қизиқмадилар ҳам. Лола опанинг топшириқларини бажариш учун имкон ҳам қолдирмаган бўлсалар-да, эътироз билдирдим:

      – Ишончингиз учун раҳмат, лекин бунақа масъулиятли вазифаларда ишламаганман, коммунист ҳам эмасман, нашриётдан бўшашим ҳам осон эмас, қўлимда анча ишларим бор.

      – Партия масаласи билан ишингиз бўлмасин, – деб телефон гўшагини кўтардилар-да, нашриёт директори билан боғландилар, – Жуманиёз Жабборович, Тоҳир Малик эртадан бошлаб “Шарқ юлдузи”да иш бошлайди. Расмиятчиликларини тезлаштиринг.

      Юмшоқ табиатли бўлган Жуманиёз ака бу гапга эътироз билдирмадилар шекилли, гап чўзилмади. Қизиқ, Сарвар аканинг нашриёт директорига буйруқ беришга ҳақлари йўқ эди. Директорнинг раҳбари Давлат матбуот қўмитасининг раиси ҳисобланарди. Шунга қарамай, Ёзувчилар уюшмаси раҳбарининг истаги муҳокама қилинмасди. Ўша заҳоти журнал Бош муҳарририга