Шералининг бу икки хотини ўртасидаги муносабатлар ўта совуқ, рақибалар бир-бирларини еб қў-йишга тайёр бўлганлари маълум. Орадаги ёвлик шу даражага етганки, бу аёллар болаларини кундош хавфидан доимо ва жуда пухта асрашган. Айтайлик, давр тарихчиларининг гувоҳлик беришларича, Ёр-қинойим ҳатто овқат пишираётган маҳали ҳам Саримсоқбек ва Худоёрни икки ёнида ушлаб турар, кичиги Султонмуродни эса елкасига кўтариб, бойлаб олар экан! Шерали авлодлари тарихи битилган асарларда кўпроқ Ҳокимойим – Ёрқинойим тилга олинади. Ойимнинг ўғли Худоёр бошқа ака-укаларига нисбатан кўпроқ муддат тахтда ўтиргани боисдир бу ҳолат… Ҳар ҳолда Ҳокимойимнинг Худоёрга таъсир кучи катта бўлганлиги, ҳатто унинг давлат ишларига анча-мунча аралашгани бор гап. Ярим умри тоғларда, кўчманчилик шароитида ўтган Ҳокимойим улкан мамлакат маликаси бўлганидан сўнг ҳам дабдаба-асъасага кўникмайди. Кўчманчилик одатларини ташламайди. Масалан, Худоёрнинг ўрдасида ўнлаб ҳашаматли, ёзда салқин, қишда иссиқ хоналар борлигига қарамай, Ҳокимойим қишин-ёзин Ўрда ичидаги ялангликка тикилган ўтов ичида яшашни афзал кўрган!
Милодий 1842 йили Бухоро Амири Насрулло Қўқонга бостириб келиб шаҳарни ғарот қилади. Норбўтабий авлодлари – Қўқон хони Муҳаммад Алихон, унинг укаси Султон Маҳмудбек, Мадалихоннинг ўғли Мадаминбек ҳамда хоннинг онаси, шоира ва давлат арбоби Нодира – Моҳларбегимни қатл эттиради.
Бироқ амир Насруллонинг Қўқонни ўз мамлакати тасарруфига ўтказиши узоқ кечмайди. Орадан икки ой ўтар-ўтмас босқинчиларнинг талончилик сиёсатидан беҳад норози бўлган Қўқон аҳли Бухоро амалдорларига қарши исён кўтариб, уларни Фарғонадан қувиб юборади. Насрулло Қўқонга ноиб этиб қолдирган Иброҳим хаёл исмли амалдор шаҳардан паранжига ўралиб қочишга мажбур бўлади. Аммо яна мустақилликни қўлга киритган Қўқон тахтига муносиб, таг-тугли даъвогар йўқ эди. Шунда Юсуф мингбоши деган киши эсига подшозода Ҳожибийнинг Таласда юрган ўғли Шерали тушади… Шерали ўша пайтларда эллик ёшга етган эди. Куч-қувватга тўла, ақл-заковати мукаммал одам эди. Қўқон хонлигини қабул қилиш ҳақидаги таклиф боргач, Шерали сира иккиланмай рози бўлади. Чунки бу Ҳожибий авлодларининг қарийб юз йиллик орзуси эди… Ҳа, шу тариқа абадий музликлар, мусаффо ҳаво, гўзал тоғ яйловлари, кўм-кўк арчазорлар, шифобахш булоқлар қўйнида ўсаётган Худоёр ҳам отаси билан Қўқонга қараб юради. Олдинда ўзини бетўхтов ва қонли урушлар, хилма-хил таҳликалар, тахт можаролари, бахт ва бахтсизлик, омад ва кулфат, ҳукмронликнинг юксак чўққиларию гадодек хорлик онлари, фитна-ғавғоларга тўла ўта мураккаб ҳаёт йўли кутиб турганини кийикдек эркин тоғ боласи – ёш шаҳзода қаерлардан ҳам билар эди дейсиз?..
Милодий 1842 йилнинг айни ёзида Шерали ўз атрофига минглаб қирғиз, қипчоқ ва ўзбеклардан қўшин йиғиб водийга, ҳозирги Қорасув шаҳри атроф-ларига келади. Кичик бу шаҳарча тепасидаги