Кўп ўтмай Шералихон катта тантана билан пойтахтга кириб келади. Ва “Жаҳонаро” саройидагитахтга ўтиради. Шуни таъкидлаш керакки, Қўқондаги ҳозирги Ўрда ўрнида Саййид Муҳаммад Умархон қурдирган “Заррин сарой” дея номланган хонлар қароргоҳи савлат тўкиб турган. Аммо 1842 йилги Қўқон – Бухоро урушида бу Ўрда батамом вайрон этилган. Натижада “Жаҳонаро” саройи хон қароргоҳи этиб белгиланган.
Бу орада Қўқоннинг яна қўлдан чиққани хабарини эшитиб ғазаб отига минган Насрулло катта қўшин билан Фарғона сарҳадлари сари қайта юриш бошлайди. Шерали ҳам ўз навбатида мамлакат мудофаасига пухта ҳозирлик кўради. Айрим тарихчиларнинг маълумотларига кўра ўша маҳалгача ҳам Қўқон шаҳри атрофи ҳар тарафлама мукаммал мудофаа девори билан тўлиқ ўралмаган экан. Тўғри, Абдулкаримбий даврида шаҳарни қалин ва мустаҳкам девор билан ўрашга киришилганди. Бироқ шу орада Қўқонга қалмоқ қабилалари ҳужум қилишган ҳамда девор қурилиши тўхтаган эди. Қалмоқлар ҳатто мавжуд деворларни ҳам ер билан битта қилишган. Шуниси ажаб-ланарлики, бу воқеадан сўнг ҳам бу соҳага бирорта хон эътибор қаратмади. Қўқон ҳукмдорлари орасида энг узоқ вақт ҳукм сурган пишиқ-пухта, иқтидорли саркарда Норбўтабий ҳам, унинг издошлари – Қўқон хонлиги чегараларини олис шимолга кенгайтирган Олимхон ҳам, маърифатпарвар Умархон ҳам, унинг ўғли шаҳид Муҳаммад Алихон даврларида ҳам шаҳарни мудофаа деворлари билан ўраб олишга киришмадилар. Бухоро қўшини ҳужуми маҳали айнан девор йўқлиги боис шаҳарнинг тез забт этилиши янги ҳукмдор ва унинг аъёнлари кўзини очди. Жаҳонгирмирзо, Юсуфмингбоши, Отабек ноиб каби кўпни кўрган тажрибали аъёнлар маслаҳати билан халққа бегор, яъни ҳашар эълон қилинди. Бегорда мавжуд муҳитнинг етти ёшдан етмиш ёшгача барча яроқли кишилари ва ҳатто аёллар ҳам қатнашуви шарт эди. Бегор иштирокчиларига ҳақ тўланмас, лекин озиқ-овқатларини ҳукумат кўтарарди. Кечагина Насрулло ҳужумини бошидан кечирган, унинг даҳшатли оқибатларини кўрган Қўқон аҳли ўзини аямасдан девор қуришга жон-жаҳди билан киришди. Таъкидлаш керакки, қалъа девори қурилиши ниҳоятда шиддат ва қаттиққўллик билан олиб борилди. Халқнинг бу ишга қанчалик қаттиқ киришганлиги шундайки, тарихчилар ҳомиладор бир аёлнинг деворга лой узатаётиб, туғиб юборганлигини ҳикоя қиладилар. Умумий узунлиги ҳозирги мезонларда деярли ўн саккиз чақирим бўлган баланд ва эни кенг девор жуда қисқа фурсатларда қуриб битказилди.
Шералихон шаҳарнинг марказий қисмини ўраб олиш билан чекланмади. Бўлгуси девор шаҳар аҳолиси сонининг ўсиб боришини кўзлаб барпо этилиши, унда шунингдек, агар душман шаҳарни узоқ муддат қамал қилгудек бўлса, шаҳар аҳли озиқ-овқатни таъминлаш учун экин ерлари қолдириш ва ҳатто чорва моллари учун… яйловлар ўрнини белгилаш ҳам назардан қочмаган эди! Янги девор бўйлаб шаҳарнинг ўн иккита дарвозаси қурилиши, Чорсудан барча дарвозаларга олиб борадиган