…Эртаси тонгда Нурмуҳаммад шарбатдор довон орқали Майманага йўл олган савдо карвонига қўшилиб Қалъаи Нав тарафга, кейин эса туркман саҳролари оралаб Чоржўйга жўнаб кетди.
Ўшандан буён ҳам орадан уч ойдан зиёд вақт ўтди. Шарбатдордан ҳеч қандай дарак келмади. Аммо Юсуф афанди доимо хон хизматида бўлди. Хоннинг кўнглини олиш учун қўлидан келган ишини аямади. Суҳбатларда Худоёрхон Туркия давлат тизими тўғрисида суриштирар, Арабистонда ўзи юрган кезлари кўрган-кечирганлари орқали бирмунча тасаввурга эга эса-да, яна кўп нарсаларга қизиқарди. Юсуф афанди билан мулоқотларда у дунё сиёсати, Туркиянинг жаҳондаги ўрни ва келажаги хусусида қимматли маълумотларга эга бўлди. Қрим урушида Россияни бурчакка тиқиб қўйган қудратли давлатнинг кофирлар Марказий Осиёни зўрлик билан босиб олаётганларида нега жим турганликлари сабаблари билан қизиқди. Юсуф афанди ўзини гарчи сиёсатдан узоқ одам сифатида таништирса-да, булар хусусида собиқ ҳукмдорга тўлароқ маълумотлар берди.
Каррух атрофида устини ям-яшил ўт-майсалар, наъматак ва чакандазорлар қоплаган тоғлар бор. Нурмуҳаммадни ватанга юборгач, хоннинг хийла кўнгли кўтарилиб, ўша тоғларга овга чиқиш истагини билдирди.
Юсуф афанди Ҳиротга бориб иккита пилта милтиқ, бир йўлбошловчи ҳазора одамни олиб келди. Ҳазора эски овчи экан. Бу ерлар тарихидан ҳам оз-моз хабари бор бу киши Каррух тоғларига қадимда Ҳирот султонлари тез-тез овга чиқишлари ҳикоятларини гапириб берди. Хусусан, султон Ҳусайн Бойқаро ўз беклари, жумладан, амир Низомиддин Алишер Навоий билан Каррухнинг кўм-кўк ўтлоқларида чодир тикиб, ҳафталаб ов қилганлигини сўйлар экан, хоннинг кўзлари ёниб кетди. Бу тоғларда кўпроқ кийик, қирғовул овланарди. Худоёрхон ҳам аслида ов деса ўзини унутадиган одам. Тахтда муқим ўтирган кезлари у Сирдарё бўйларидаги қалин тўқайзорларга, Сўх, Олой тоғларига овга чиқарди. Табиатан қўрқмас, шерюрак бу одамнинг ов пайти бошдан кечирганлари ҳақида кўп ёзмалар ҳам сақланиб қолган.
Бир гал Қўқондан Сирдарё томонга юрилганда қўниладиган Олтиқуш қишлоғи атрофларидаги тўқайда хон ва унинг одамлари қирғовул овлаб юришганди. Улар тўсатдан ёввойи тўнғиз подасига дуч келиб қолишди. Туядек катта, айри тишларининг ҳар бири қиличдек узун ва ўткир серка тўнғиз пишқириб овчиларга ҳамла қилди. Шиддат билан елиб келган қаҳрли тўнғиз хон ёнидаги ясовулнинг отига ташланиб, асов айғирнинг қорнини ёриб юборди. От кишнаганича ерга қулади, ичак-чавоғи ағдарилди. Ясовул эса от тагида қолиб бетиним додларди. Атрофдагилар тўнғизга пала-партиш ўқ узишар, аммо тегиза олмасдилар. Овнинг тиғиз лаҳзалари нашъаси вужудини жунбишга келтирган Худоёр шунда бирдан қиличини суғуриб бемисл ҳайқириқ ила тўнғиз устига от қўйди. Кўз ўнгиларида рўй бераётган воқеадан даҳшатга тушган хон ҳамроҳлари милтиқ отишни тўхтатдилар. Улкан тўнғиз тисланиб, олдинги оёқлари билан ер титкилади. Жунлари тиккайди. Сўнг бирдан камондан отилган ўқдай хонга сапчиди. Шу лаҳзада