Танланган асарлар: Қиссалар. Чингиз Айтматов. Читать онлайн. Newlib. NEWLIB.NET

Автор: Чингиз Айтматов
Издательство: SHARQ
Серия:
Жанр произведения:
Год издания: 0
isbn: 978-9943-6609-8-4
Скачать книгу
кийиндим, ёқимсиз, ташвишли бир ҳис юрагимни сиқиб нохуш қиларди. Йўл-йўлакай калта пўстинимни кийиб, шошилиб ҳовлига чиқдим, пўстинимнинг тугмаларини қадарканман, ўзимни «лип» этиб кўча эшикка урдим. Теварак-атрофга назар ташладим, деворнинг муюлишидан малларанг тулки тумоқ кийган одам тўппа-тўғри мен томонга келаверди. Эҳ, уни кўргани кўзим, отгани ўқим йўқ-да! Жонтой ишга кетаётган эди, у бу ерга яқин жойда яшарди. Икковимиз ҳам бир лаҳза серрайиб қолдик. Мен ўзимни кўрмаганликка солдим. Шартта бурилдим-да, автобазага қараб кетавердим. Жонтой орқамдан маънодор йўталиб қўйди. У орқамдан қорни ғарч-ғурч босиб келмоқда эди. Унинг бу шиддатли ғарч-ғурч одимлашида қанчалик заҳархандалик, бировнинг бахтсизлигидан севиниш борлиги равшан англашилиб турарди. Биз то автобазага қадар шу тахлитда олдинма-кейин юриб келдик.

      Мен автобазага кираверишдаги йўлакка келганда қадамимни тезлаштирдим ва гаражга бурилмай, тўғри идорага қараб кетдим. Коридорнинг бирор ерида тўхтаб, сал нафасимни ростлаб олишим керак эди.

      Бош инженернинг кабинетидан одамларнинг гангир-гунгур овозлари хиёл эшитилиб турарди. Бу ерда одатдагидек эрталабки қисқа йиғин ўтмоқда эди. Агар прицеп воқеаси одамлар хаёлидан кўтарилиб кетган бўлса эди, ҳозир бу ерга жон деб кирган бўлардим. Қани энди мен ҳам кириб дераза токчасигами, бошқа ергами чиқиб олиб, оёқларимни чалиштирганча папиросимни чекиб, ҳузур қилиб ўтирсам, ёнимда ўтирган ҳамкасабаларим билан у ёқ-бу ёқдан гаплашсам, эрталабки нарядни эшитсам, шофёрларнинг иш соҳасидаги бирор арзимаган нарса юзасидан беғараз сўкишларини ва тортишувларини тинглаб ўтирсам… Шу пайтгача булар инсон учун шунчалик зарур, шунчалик азиз эканини ҳеч тасаввур этмаган эканман. Гарчи шундай бўлса-да, шофёрларнинг кўзларига кўринишга журъат эта олмасдим. Кўрққанлигимдан эмас, йўқ, қўрқоқлик қилганим йўқ. Мени кўпроқ ўша муваффақиятсизликдан ғазабланиш, умидсизликка тушиш ва улар олдида беҳаёларча кўрсатган ботирлигим, ожиз қайсарлигим ташвишлантираётган, яна буларнинг устига-устак, Хадича билан тасодифан тунаб қолганим мени изтиробга солаётган эди. Одамлар ҳам менинг қилмишимни ҳали-бери унутмайдиганга ўхшайди. Ичкарида худди менинг ҳақимда сўз борарди. Аввал ичкаридан эшитилиб турган гапларга эътибор бермадим. Аммо бирдан кимнингдир ғазаб билан бақириб гапираётган товуши эшитила бошлади:

      – Бу қандай бемазагарчилик! Уни судга бериш керак, сизлар бўлсангиз уни хаспўшлаб ўтирибсизлар! Тағин баъзилар уялмай-нетмай, тўғри ўйлабди, деб уни ҳимоя қилишяпти! Ахир прицепни довонга ташлаб келибди-ку!..

      Уни бошқа овоз бўлди:

      – Тўғри! Бунақаларнинг кўпини кўрганмиз. Ақл ўргатишга жуда уста. Шуҳрат орттирмоқчи бўлибди, кўнгли мукофот истаб қолибди. Қаранг, автобазага яхшилик қилмоқчи эмиш! Бироқ ҳаммаси чаппасидан кетди!

      Одамлар тортиша бошлади. Ғовур-ғувур зўрайиб, ҳеч нарсани англаб бўлмай қолди. Мен нари кетдим, тирқишдан гап пойлашни ўзимга эп кўрмадим. Йўлланма олиш учун диспетчерхонага қараб йўналдим.

      – Мен қаёққа бораман? – деб сўрадим