Йироқдан моторнинг гувиллаган овози эшитилди. Икки чироқча баландликдан пастдаги текис йўлга ёғду сочиб тушаётган эди. Бу шофёрнинг кимлигини ва ярим тунда тақдир уни қаёққа ва нима учун ҳайдаётганини билмасдим, аммо бу чироқлар гўё мени қувлаб етиб, ушлаб оладигандек сесканиб кетдим. Қароқчи сингари прицеп илгагига қараб югурдим, уни машина билан улаб турган металл ўқни суғуриб олиб, четга улоқтирдим ва кабинага ирғиб чиқиб, прицепни ариқда қолдирганимча, машинани юқорига қараб елдек учириб кетдим.
Қандайдир тушуниб бўлмайдиган даҳшатли қўрқув таъқиб этарди мени. Орқамдан келаётган машина назаримда худди изма-из қувиб етиб келаётгандек туюларди. Машинани шунчалик тез ҳайдардимки, азбаройи йўлни ёд билганимдан бирон ерга уриб ҳам олмадим. Агар кўзларимни боғлаб қўйганларида ҳам худди шундай қилган бўлардим.
Тонготарда довондаги базага етиб келдим. Нима қилаётганимни ўзим ҳам англамай, ақлдан озган кишидек, эшикни мушт билан қоқа бошладим. Эшик ланг очилди. Асалга қарамай, бошдан оёқ лойга беланганимча уйга кирдим. Энтикканимча аллақандай бир нам нарсанинг устига ўтирдим. Бу курси устига уйиб қўйилган кир уюми экан. Папирос олиш учун қўлимни чўнтагимга тиққан эдим, қўлимга машина калитлари илинди. Мен уни жаҳл устида кучим борича четга улоқтирдим ва бошим «шилқ» этиб тушди, уриб пўла қилиб ташлангандек, тинка-мадорим қуриб, шалпайганимча ўтирардим. Кўзларим полда. Стол ёнида Асал ўз оғирлигини яланг оёқларининг дам унисига, дам бунисига солиб турарди. Унга нима ҳам дея олардим? Асал полда ётган калитларни олиб, стол устига қўйди.
– Ювиниб оласизми? Кечқурун сув иситиб қўйганман, – деди у секингина.
Мен бошимни секин кўтардим. Совқотган Асал нозиккина қўлларини кўксига қўйиб, тунги кўйлакда қаршимда турар эди. Унинг қўрқув босган кўзлари ташвиш ва ачиниш билан менга боқарди.
– Довонда прицепни ағдариб юбордим, – дедим бегона товуш билан.
– Қанақа прицеп? – деб сўради у тушунмасдан.
– Темирдан ясалган, яшил рангли, «02–38» номерли! Қанақа бўлса ҳам барибир эмасми! – деб қичқирдим жаҳл билан. – Ўғирлаб олгандим уни, тушунасанми? Ўғирлаб олгандим.
Асал секингина «Вой!» деб юборди-да, каравотга ўтириб қолди.
– Нега?
– Нега бўларди? – унинг ҳадеганда гапга тушунавермагани менинг жиғимга тегарди. – Довондан прицеп билан ўтмоқчи эдим! Тушундингми? Ўз фикримни амалда исботламоқчи эдим… Мана энди уйим куйди!
Мен юзимни кафтларим орасига олганча ўтирардим. Иккаламиздан ҳам бирмунча вақт садо чиқмади. Асал шартта ирғиб