Танланган асарлар: Қиссалар. Чингиз Айтматов. Читать онлайн. Newlib. NEWLIB.NET

Автор: Чингиз Айтматов
Издательство: SHARQ
Серия:
Жанр произведения:
Год издания: 0
isbn: 978-9943-6609-8-4
Скачать книгу
йўловчилар тунайдиган уйда тунаб қолдим. Туни билан ухлаёлмай алаҳсираб чиқдим. Тушимда довонда прицепни қидириб юрган эмишман. Унинг излари бормишу ўзи йўқ эмиш. Ҳар томонга зир югуриб, прицеп қаёққа ғойиб бўлди, ким олиб кетди, деб сўраб-суриштириб юрганмишман. Мен қайтаётганимда у ҳақиқатан ҳам ўша бехосият ерда – турган жойида йўқ эди. Фақат излари бор эди, холос. Қайтариб олиб кетишибди. Кейин билсам, прицепни автобазага Алибек судраб келган экан.

      Прицеп орқасидан ўзим ҳам эрталаб автобазага етиб келдим. Шу кунлар ичида қорайиб кетибман, кабина ёнига қадаб қўйилган кузатув ойначасига қараб ўзимни ўзим танимай қолдим.

      Автобазада ҳаёт одатдагича эди. Фақат менгина, гўё бегона кишилардек, машинани дарвоза томон ийманибгина ҳайдаб келиб, секингина ҳовлига кириб бордим ва машинани гараждан нарироқда, бир чеккада тўхтатдим-да, кабинадан чиқмай ўтиравердим. Атрофга кўз югуртириб чиқдим. Одамлар ишларини йиғиштириб қўйишиб, ҳар томондан менга қараб тикилиб туришарди. Эҳ, қани энди лип этиб қайрилсангу бошинг оққан томонга қочиб қолсанг. Бироқ ҳеч ёққа қочишнинг иложи йўқ эди. Кабинадан чиқишга тўғри келди. Бор жасоратимни тўплаб, ҳовлидан юриб, диспетчерхона томон йўл олдим. Ўзимни хотиржам тутишга, шахдам қадам ташлашга уринардим, аммо аслида эса саф тортиб турган кишилар олдидан ўтаётган гуноҳкор аскардек юриб борардим. Ҳамманинг мени хўмрайиб кузатиб турганини сезиб турардим. Ҳеч ким мени чақирмади ҳам, мен билан саломлашмади ҳам. Уларнинг ўрнида бўлганимда, эҳтимол мен ҳам шундай қилган бўлардим.

      Остонага қоқилиб кетдим. Гўё юрагим ҳам қоқилиб кетгандек бўлди: эҳ, Хадича ҳақида ўйламабман, уни шарманда қилдим! Энди нима дейман унга?

      Коридорда нафасимни ростлаб, пешонамдаги терни артдим. Бошимни кўтариб, у ёқ-бу ёққа қарасам, рўпарамда деворий газетамиз «Чақмоқ» саҳифасидаги плакат менга тикилиб турарди. «Уят сенга!» деб йирик ҳарфлар билан ёзиб қўйилган сўзлар остида тоғ орасида қолдириб кетилган прицеп тасвирланган эди…

      Мен тескари ўгирилдим. Юзларим шапалоқ егандек ловиллаб ёнарди. Диспетчерхонага кирдим. Хадича телефонда ниманидир гаплашаётган эди. Мени кўриб гапидан тўхтаб, гўшакни жойига осиб қўйди.

      – Ма! – деб бадбахт йўлланмани столга отдим. Хадича ачинган қиёфада менга қаради. Фақат шаллақилик қилиб йиғлаб юбормаса бўлгани деб ўйладим. «Ҳозир эмас, кейин, бўлак бирор ерда!» – деб ёлвордим ичимда. У ҳам мени тушунди, ҳеч нарса демади.

      – Шовқин кўтаришдими? – деб сўрадим секин.

      Хадича бош ирғиб қўйди.

      – Ҳечқиси йўқ! – дедим ғижиниб, унинг руҳини кўтариш учун.

      – Сени катта йўлдан олишди, – деди у.

      – Олишди? Бутунлайми? – дедим кулимсираган бўлиб.

      – Бутунлай олишмоқчи эдилар – ремонтга… Аммо йигитларимиз сенинг ёнингни олишди. Ҳозирча ички рейсларга ўтказишди. Бошлиққа учра, сени чақиртиришган эди.

      – Бормайман! Менсиз ўзлари ҳал қилишаверсин. Пушаймон қилмайман…

      Мен хонадан чиқдим. Бошимни қуйи солганимча, коридордан аранг чиқиб кетдим.