Танланган асарлар: Қиссалар. Чингиз Айтматов. Читать онлайн. Newlib. NEWLIB.NET

Автор: Чингиз Айтматов
Издательство: SHARQ
Серия:
Жанр произведения:
Год издания: 0
isbn: 978-9943-6609-8-4
Скачать книгу
қариянинг донғи теварак-атрофга кетган бўлиб, одамларни гиёҳлар ва сут билан даволарди. Энди Саида Муса эмчини даволашнинг шундай сирасрорларини қўллашда Оллоҳнинг Ўзи мададкор бўлишини сўрарди. Бексаат бир неча кун ичида касалдан фориғ бўлиб яна уй юмушлари билан шуғулланиб юриши, яна тунлари Исмоилни кутиб, ҳозирлик кўришлари ва ўша кунлар насиб этиб, ҳаммалари иккала эшакда юклари билан Чотқолга жўнашлари ҳақида суҳбатлашар эдилар…

      Ўзи ваъда берганидек, Муса эмчи кечга яқин етиб келди. Бундан бироз илгари Саида қария уйларини адашмасдан топиб келсин учун уни тепалик ёнида кутиб турган эди.

      Унинг тулки телпакда, кулранг эшакчада келаётган қиёфасига кўзи тушгач, биқинидаги оғриқ кун бўйи, эрта тонгдан то оқшомгача ҳаловат бермаган, эмчининг келишини эшитиб бироз тетикланган касал учун ҳаммаси илоҳим яхшиликка бўлсин, дея яна Оллоҳга илтижо қиларди.

      Муса эмчи – жуссадор, норғул, қорачадан келган, қирғий бурунли, оппоқ соқолли ва кўринишдан ўта салобатли, синчков бир қария эди. Ана шу қарашларию сўзлашиш оҳангида унинг бутун борлиғи намоён этилган эди.

      – Қизим, бу ерда совқотиб қоласан-ку, ўзим Бексаатнинг уйи қаерда деб сўроқлаб топиб келардим-ку, – деди у йўғон овозда, Саида кутиб турган жойга яқинлашар экан.

      – Зарари йўқ, безовта бўлманг, совқотганим йўқ, – жавоб берди Саида, – Сиздек эмчи отамизни кутиб олмасак, кимни кутиб олардик! – деди у чолга жилмайиб.

      – Йўғ-э, ростданми, – давом этди отахон, – қани бошла, у қаерда, бечора Бексаат, унга нима бўлди? Офатни қаранг-а, ўғил урушда, ўзи бетоб, теваракатрофда совуқ ва очарчилик ҳукмрон…

      Қария эшакдан тушди, иккалалари уй томон йўналишди.

      – Эрингдан хабар борми? – қизиқди Муса эмчи.

      – Йўқ, кўпдан бери ундан бирон хабар йўқ, – бу саволдан у алланечук бўлиб кетди. Қария сукут сақлади-да яна қўшиб қўйди. – Нима ҳам дердик, урушуруш-да. Аммо ҳамманинг пешонасида ўз ёзиғи бор.

      “Бу билан у нима демоқчи бўлди?” – ўйлади Саида ва чол ҳозир кутилмаганда: “Сенинг Исмоилинг қочиб юргани ростми?”, деб сўраб қолишини кутди.

      Аммо чол ҳеч нима демади, шу пайт улар ҳовлига кириб келишган эди. Саида қарияга кўмаклашиб, уйга бошлади, остонага яқинлашгач, Муса эмчи тўхталиб:

      – Қизим, сенга қанчалик оғир эканлигини тушунаман, – деди у панднасиҳат қилгандай, юзига осойишталик билан қараб. – Ҳаммаси яхшилик билан тугайди деб умид қиламиз. Беморни кўздан кечириб, уни қандай даволаш зарурлигини назарда тутган ҳолда гиёҳларни ўзим билан бирга олиб келдим. Мана уларни эслаб қолгин – мен ўзим айтганимдан ташқари ҳеч нимани сўрабсуриштириб ўтирмагин. Тушундингми, мени?

      – Ҳа, Эмчи ота, сизни тушундим.

      Муса эмчи остонадан ҳатлаб ўтгач, аввало оппоқ оқарган мўйловлари остидан жилмайиб, бурчакда ётган касалга:

      – Бу нимаси, Бексаат, бемаврид касал бўлибсан, сабр қилиб турсанг бўларди.

      Қайнонаси табибга шу оҳангда жавоб қайтаришга куч топмади.

      – Кони