Ҳайратидан дили ёришиб кетганди. Бироқ ҳали бирон иш қилингани йўқ, аёзли қиш қиличини қайраб турибди, олдинда шилт-шилт лою ёмғирли баҳор, ҳали ёз узоқ, ҳали тоғ этакларию қирадирлардан қор кетгани йўқ, ҳали Улуғ тоғдаги асовли тошқинлар қутурганича йўқ, ҳали тоғлардаги даҳшатли ўпирилишлару кўчкилар йўлларни тўсиб қўйганича йўқ, ҳали бундай оғир сафарга ҳеч қандай тайёргарлик кўрилмаган, ҳаммаси ҳали олдинда эди. Исмоил бўлса ўзини қаерга қўйишини билмасди. У гоҳ ўрнидан туриб, дераза ёнига борар, сабрсизлик билан осмонга, ярим тунда кўкимтир чўққилари тепасида юлдузлар порлаб турган Чотқол томонга тикилиб қарар ва ошиб бўлмас тоғлар билан қуршаб олинган Чотқол водийси қандай бўлиши кераклигини хаёлан ўзича тасаввур қилар; сўнг ўчоқдаги совиб қолган таоми томон қайтар; бошқа кунлари уни овқат солинган косадан ташқари ҳеч нима қизиқтирмай, мотамсаро ўтирарди, энди бўлса овозлари қўнғироқдай жаранглаб, кўз қарашлари аввалгидек ўзгариб яна ўз ҳолига келган эди. Майли бу ўзгариш унда шу пайтга, қисқа фурсатга тўғри келган бўлса-да, орадан бирикки кун ўтиб у яна дилида қайнаб тошган умидсизлик ғазаби билан қишни, тоғларни, аёзли кунларни, қўйингки, бутун оламни лаънатлаб, тақдирдан нолиб тупурар, қуш бўлиб довонлардан Чотқол сари учиб ўтолмаганидан жиддий афсусланарди. Буни чуқур ҳис этган хотини ва онаси унга тўла ҳамдард бўлишар, чунки улар қочоқлик ҳаётининг ҳар бир дақиқаси қанчалик қимматга тушишини билар эдилар, негаки ўз бошини қутқараётиб, унинг ҳолига тушган одамнинг танлаган йўли моҳият эътибори билан худди урушдагидек ҳалокатли эди. Урушда уни душманлар, бу ерда эса ўзимизникилар ўлдириши мумкин эди…
Бу икки аёл эса – онаси ва хотини – ўз бурчи ва садоқатининг қурбони бўлиб, унинг мусибату бахтсизликларини бирга баҳам кўришарди, очлик ва совуқдан ҳам даҳшатлироқ жинояту хўрликлардан сақлаб қолишни ўз зиммаларига олганлар ҳам ўшалар эди. Тақдирнинг энг оғир зарбаларини – одамлар ўртасидаги миш-миш гаплару қонун шафқатсизликларини, қўшниларнинг шивир-кичир қилишиб, айбсиз айбдор ғарибларни аяб, юзига айтмаётганларини ҳам улар билишарди. Уруш қатнашчиси, бир қўли йўқ Мирзақул ҳам узоқ қариндошлари бўлишига қарамай, қишлоқ Кенгашининг раиси бўлиб юрганда Саидага қўл кўтариб, ғазабидан уни қамчилашгача борди, эзилиб мусибат чеккан хотини билан онаси эса Исмоилни деб аёлларга хос сабр-бардош билан буни ҳам ичга ютдилар. Энди эса Исмоилнинг қутулишига, андак бўлсада, умид учқунлари туғилгач, улар ўзларини эркин ва бахтиёр ҳис этар ва шу воқеага дахлдор бўлганларидан қувонар эдилар.
Исмоил эса, худди янги кун келиши биланоқ бу рўй бериши мумкиндек, Чотқол довонидан ошиш режаларини тузар эди. Ва улар – онаси билан хотини жон-диллари билан бунга қувонишарди, чунки ҳаётнинг мўъжазгина бир чеккаси ёришиб, ҳаммаларини мафтун этиб, қутқарувчи ғояга – Чотқолга кетишга чорларди. Аммо, шу билан бирга, онаси ҳам, хотини ҳам ўйланган ишни амалга ошириш унчалик енгил кечмаслигини юракдан ҳис этишарди – буни фақат гапириш осон, аммо қорли