Танланган асарлар: Қиссалар. Чингиз Айтматов. Читать онлайн. Newlib. NEWLIB.NET

Автор: Чингиз Айтматов
Издательство: SHARQ
Серия:
Жанр произведения:
Год издания: 0
isbn: 978-9943-6609-8-4
Скачать книгу
сафар ҳам йўлнинг сўнгги қисмини ғоят эҳтиёткорлик билан кўздан кечирди, бироқ, негадир, уйга яқинлашган сари унинг кўнглини ғашлик ва хавотир босди. Қандайдир шубҳали ҳаракатлар, аллақандай эшитилар-эшитилмас, узуқ-юлуқ овозлар Исмоилни сергаклантирар ва у вазиятни аниқлаб олиш мақсадида Тўтиой холанинг полизидаги терак тагида таққа тўхтади. Ундан бир қадам ҳам нарига жилмади. Йўлдаги зўриқишу ҳансирашларини босиб, нафасини ростлашга ҳаракат қилди. Бироқ юрак уриши маромига тушмади ва қалбдан қандайдир фалокат юз беришини ҳис этди. Демак, Саида ҳақ гапни айтган – чиндан ҳам онаси мушкул аҳволда.

      Исмоил аянчли, ғулғулали ўй-хаёллар оташида қовурилиб, ўзини бошқара олмайдиган руҳий ҳолатга тушди. У дарахт танасига маҳкам суянганча бўғиқ ингради. Айни чоқда диққат билан қулоқ солиб, ҳақиқатан ҳам ҳовлида одамлар борлигига ҳамда улар у ёқ-бу ёққа юриб, ғўнғирлашиб туришганига тўла ишонч ҳосил қилди. Бинобарин, ишнинг пачаваси чиққан. У юраги эзилиб, ғазаби қайнаб кетган ўша дамда қалбан ҳамма нарсага: важоҳат билан уйга бостириб киришга, тўпланган одамларни зарб билан итариб, ўзига йўл очишга, жирканч ва қўрқинчли қиёфада қўққисдан уларни даҳшатга солишга, шу онда, эҳтимол, жон таслим қилаётган энажони бағрига ўзини отиб, унинг совиб қолган қўлларини ўпа-ўпа зор-зор йиғлашга, унинг қаршисида тиз чўкиб, энасини бошқа ҳеч бир она чекмаган азоб-уқубатларга дучор этгани учун кечирим сўрашга, коинотдаги бутун мавжудотларни емириб, йўқотиб юборишга, оламдаги барча балоларни, жумладан, ер юзи ва мамлакатни ўз домига тортган даҳшатли урушни ҳам ва ўша жанг майдонидан қочишга жазм қилиб, эндиликда унинг жабрини тортаётган – қаттиқ таҳлика, ночорлик ва тубанликда яшаётган ўзини ҳам тамомила нест-нобуд этиб ташлашга қудрати етадиган даражада дод-фарёд солиб йиғлашга тайёр эди. Ҳа, ҳа, ҳа, эс-ҳушини йўқотиб қўйгунча ўкириб йиғлайвериши жоиз: бу ҳол садоқатли умр йўлдоши Саида уни кўз ёшлари тўкилган шу чиркин ердан турғизиб, кўз ёшларини артиб, уни бирон ёққа – унинг ўзи ҳам, номи ҳам бутунлай унутиб юбориладиган ва ҳеч бир кимса унинг қўлидан тутиб, “Нега сен фронтда эмассан-а”, – деб асло суриштирмайдиган бир гўшага етаклаб кетмагунига қадар давом этиши шарт.

      Бироқ унинг ақл-идроки ушбу бир лаҳзалик ғазабу эҳтирослар алангасини пасайтирди. Шу туфайли у турган жойидан бир қадам ҳам нарига силжимади: гарчи у виждон азобида қийналиб, ўзини ўзи лаънатласа-да, онасининг жони узилаётган паллада ҳам шундай телбавор қиёфада одамларга кўринишни ўзига эп кўрмади. Бунинг учун онажони уни маъзур тутади, дея ўзига ўзи таскинтасалли берди; зеро, энаси унинг ўзини эҳтиётлаб юришини, бирор пана жойга кетиши зарурлигини ва ҳар қандай вазиятда ҳам кўзга кўринмаслиги даркорлигини Парвардигорга топиниб илтижо қилгани рост эди. Шунинг учун ҳам у фурсатни ғанимат билиб, ўз вақтида манзилига қайтиши кераклигини кўнглидан ўтказди, лекин бунга асло журъати етишмасди. Аксинча, ўша онда қандайдир бир зўр, оғир куч уни жиловлагандай бўлиб, қадам-бақадам уй томон яқинлашиб боришга мажбурлар