Танланган асарлар: Қиссалар. Чингиз Айтматов. Читать онлайн. Newlib. NEWLIB.NET

Автор: Чингиз Айтматов
Издательство: SHARQ
Серия:
Жанр произведения:
Год издания: 0
isbn: 978-9943-6609-8-4
Скачать книгу
тақдиринг ҳам меникига ўхшайди” деб раҳмдиллик қилаётгани уни қандайдир айбдан оқлаётгандек бўлди. Саида қалбини ҳаяжонга солаётган нозик ҳис-туйғуларни баён этишдан ўзини ожиз сезиб: “Мен нима ҳам қилардим, ҳар ким пешонасига ёзилганини кўради. Насиб қилса болаларнинг бахтига оталари қайтиб келар…” дейиш билан чекланди.

      Тўтиойнинг эри Бойдали колхоз тузилгандан бери далада сувчилик қилган. Саида кечқурунлари ишдан қайтиб келаётганда ҳам қўшниси Бойдалининг сув тараб, экин суғориб юргани устидан чиқарди. У, почаларини тиззасидан юқоригача шимариб олиб бақувват гавдалари билан у ер-бу ердан ҳатлаб ўтиб, сув тараб юраркан, ботиб бораётган қуёшнинг заррин нурлари тебраниб турган экинларнинг уч-учларини қучар, Бойдалининг қўлидаги катта кетмон эса ҳар қулочкашлаб урган сари кечки ҳавода яшин каби ярақлаб кетарди. Овулдагилар: “Деҳқон бобом, миришкор сувчи, қўли гул!” – дейишарди у ҳақида гап кетганда. Ўркачланиб оқаётган сувдан хотин-халажлар этакларини липпаларига қистиришиб, қўл ушлашиб ўтаётганларида, нарида сув боғлаб юрган Бойдали ўзича хохолаб завқланиб куларди.

      – Ҳой, қақиллаган қаламқошлар, алвастини кўргандек чўчийсизлар-а! Қўрқмасдан ўтаверинглар! Биронталаринг оқиб кетсаларинг, охири қўлимга келиб тушасизлар, эркалатиб қўяман.

      Шунда тенгқур дугоналар:

      – Ҳа, эркалатмай қуриб кет, сувинг тошиб кетгур! Анчайинда эркалатмаган, оқиб борганда эркалатармидинг? – деб хандон отиб кулишарди.

      Бойдали ҳам уларга қўшилиб далани янгратиб завқ билан хохолаб куларди.

      Бир қарасанг ғира-шира ичида кенг дала бўйлаб Бойдалининг кетиб бораётгани кўринарди. Кетмонини елкасига ташлаганича сафарда юрган сайёҳ баҳодирлардек Бойдали у ер-бу ердаги экилмай ола-була бўлиб қолган ерларини назардан ўтказиб, аста-секин олислаб, кўздан ғойиб бўларди. Бойдалининг табиати ҳам шалдираб оққан шўх ариқ сувини эслатарди. Саида бир куни қўшнилариникига кириб қолганда, юпқа лабларини қисиб, капгир билан қозон тубини тешиб юборгудек қалдиратиб ковлаётган Тўтиойнинг нимадандир хафалангандек ўз болаларини уришаётгани ва нариги ёқда болаларига ўйинчоқ ясаб бериб ўтирган эрининг:

      – Эй, хотин, уларни нега беҳудага уришаверасан, учала шунқорни ҳам ўзинг туққансан, мен учун бундан ҳам ортиқ давлат борми? Бошқалардан ёмон яшаётганимиз йўқ, шукур, уйлари бўлса бор, эл қатори еярга нони, киярга кийимини топиб турсам, яна нимага куйинаверасан? – деб тургани устидан чиқди.

      Бойдали армияга кетгандан кейин кетма-кет хат келиб турди, бироқ кейинчалик Исмоилдан ҳам, Бойдалидан ҳам хат узилиб, Қурмоннинг уларникига кирмай четлаб юрганининг боиси ҳам шундан. Бечора чол худди бўйнидан қарзини уза олмай қочиб юргандек, ношуд отининг биқинларига ниқтаб, йўртиб ўтадиган бўлган кундан бошлаб, қишлоқ Советининг раиси Мирзақул иккала хонадондан ҳам тез-тез хабар оладиган бўлиб қолди. Шунинг ўзиёқ Саиданинг кўнглига ғулғула солиб, дилини ғаш қилиб қўйган эди. Балки Мирзақул Исмоилнинг қочиб юрганини