– Бахтсиз етимлар, уволларинг германнинг бошига етсин!..
Қишлоқ Советига Тўтиойнинг эри Бойдали Сталинград яқинидаги жангларда ҳалок бўлганлиги ҳақида хабар келди.
Кейинги кунларда овулнинг дам у ерида, дам бу ерида эркакларнинг: “Боврим-ой! Боврим-ой” , деган йиғи аралаш овозлари тез-тез эшитилиб турарди. Қон талаш юзларини юлиб, остонага тескари ўтириб олган хотинлар:
“…Кумушдан эди ю-ганинг а-а-а,
Арслондек эди ю-рагинг-а-а-а.
Юганинг қолди тақилма-а-я,
Қорони тутдим бошим-га-а,
Мардларинг қасос олмоқда-а-а-а,
О-о-о-о-ха-а! Э-э-эй” –
дейишиб, овозлари битиб қолгунча ярим кечага қадар фиғон чекиб йиғлашарди. Саида буларнинг ҳар бирини қалбдан чуқур ҳис этган сари ваҳимага тушиб, уввос солиб йиғлашаётган одамларнинг кўзига кўрингиси келмай, қўрқа-писа хотинлар орқасига яширинарди. У темир йўлнинг нариги томонидаги яйдоқ ерларга қочиб кетиб, бўтадек бўзлаётган симёғочларни қучоқлаб, ҳеч кимга кўринмай, ўзи ёлғиз нола тортиб йиғлагиси келарди.
Мана, энди Тўтиойнинг ҳам уйини қий-чув овози босиб, у ҳам юзларини тирнаб-юлиб, дод солиб йиғлайди, унинг болалари эса катта кишилардек белларини боғлаб, саф тортиб, ташқарида таёққа суянишиб: “Вой, отам-эй, шўрлик отам-эй!”, дейишиб чирқиллаб йиғлашади. Бечора Тўтиой бошига қора кун тушганидан шу пайтгача хабарсиз эди. Бойдалидан келган “қорахат” ҳали Мирзақулнинг ёнида эди. “Қорахат” билан бирга колхоз бошқармаси номига полк командиридан ҳам хат келган эди.
Бизнинг қўшинларимиз шиддатли ҳужумга ўтиб, душманнинг мина ўрнатиб, тўсиб қўйган сим тўсиқларидан ўта олмай, Волга қирғоғига яқин ерда қамалиб қолади. Шу пайт мина ўрнатилган сим тўсиқлари томон яқинлашиб боришга ҳеч ким ботина олмай, аскарлар ёмғирдек ёғилиб турган ўқ ичида қирилишга оз қолганда, Бойдали югуриб бориб, ўзини ўша сим тўсиқлари устига ташлайди. Миналар портлаганда, аскарлар ҳужумга ўтиб, душманни қувишга бошлайди…
Бу шум хабарни эшитиб, Мирзақулнинг уйига тўпланишган овул оқсоқоллари Бойдалининг азасини тутгандек маъюс ҳолда жимгина ўтиришарди. Ниҳоят почтачи Қурмон телпагини кўзига тушириб, ҳасрат билан шундай деб эсга олди:
– Ии-эҳ, бечора, бечора йигит! Билмай юрган эканмиз. Юрагида ўти бор азамат. Сув учун туғилган деҳқон боласи, унинг қўли теккан экинлар гулдек яшнарди… Нари ўтиб, бери қайтганимда болалари этагимга ёпишиб, хат борми, дсб сўраганларида, келаси бозорга олиб келаман, деб овутиб қўярдим. Энди билсак, мудҳиш хабар. Бу ҳам бўлса Худонинг лойиқ кўргани… Энди илож қанча, ботирнинг ҳалокати – элнинг кулфати.
Мирзақул қариялардан беш-олтитасини тўплаб олиб, Бойдалининг ўлими ҳақидаги хабарни унинг бола-чақаларига қандай етказиш кераклигини сўраб, маслаҳат қилди. “Ўлди”, деб хат келгандан кейин нима ҳам қилиш мумкин. Аммо шундай оғир йилларда аёли Тўтиой бел боғлаб, болаларини кўз қорачиғидек ардоқлаб, оч қолдирмай, эплаб