Танланган асарлар: Қиссалар. Чингиз Айтматов. Читать онлайн. Newlib. NEWLIB.NET

Автор: Чингиз Айтматов
Издательство: SHARQ
Серия:
Жанр произведения:
Год издания: 0
isbn: 978-9943-6609-8-4
Скачать книгу
лом-мим демасди. Ҳаммани қўйиб, уларни ғорга эргаштириб бориб бўлармиди! Исмоил ўша ерда эмасми, Худо асрасин, агар улар бирон нарсадан хабар топиб, шубҳаланиб қолсаларми! Исмоил кундуз кунлари ғорда ётиб, ойсиз қоронғи тунларда яширинча уйга қайтарди. У уйга келган пайтларда ҳам деразаларни маҳкамлаб, эшик илгагини ичидан илиб ўтиришарди. Ҳар эҳтимолга қарши Саида сўрининг остидан ўра қазиб, унинг устини чий ва кигиз билан беркитиб, тайёрлаб қўйган эди.

      Улар шу зайлда ҳаёт кечирар эдилар. Чала-чулпа эшитган қулоқлари овда бўлиб, кампир онаси бўлар-бўлмасга атрофга аланглаб, жияги қизил, хиралашиб қолган кўзлари билан ўғлига ачингандек ғамгин термилиб: “Эҳ, болам, шўрлик болам!” дегандек хўрсиниб йиғламсирар эди.

      Исмоил овулда нима гаплар кетаётганлигини сўраб қўяр, ёки бўлмаса кўпинча чарчаган кишидек, бошини қуйи солиб, ўйлаш нима эканлигидан ҳали йироқ бўлган уч ойлик боласини қўйнига олиб, қаршисидаги қозонга, қачон қайнар экан, дегандек термилиб, қовоқ осиб ўтирарди. Ёруғ тушмасдан ўз ўрнига етиб олсин учун унинг овқатини эртароқ бериб жўнатиш зарур эди. Саида ўчоқ бошида ўралишиб юраркан, эри томонга лутфан қараб олиб, ўзича турли хаёлларга бериларди. У Исмоилга ачинар, ундан айрилиб, етимесир бўлиб қолмасак эди, деб қўрқарди. Ёруғликка чиқмай ғорда ётаверганидан Исмоилнинг ранг-рўйи синиқиб шишиб кетган, иякларидаги ўсиб кетган соқоллари ҳам тикандек диккайиб турарди. Унинг кўзлари гоҳ айбдор кишидек аланглаб, гоҳ қорачиғидаги қора нуқталар ўтдек ёниб, еб қўйгудек ўқрайиб қарарди. Унинг важоҳатини кўриб киши беихтиёр ҳангу манг бўлиб қоларди.

      Исмоил илгарилари ҳам шундай эдими? Қуёшдан қорайиб кетган кучли мускуллари тердан йилтираб, эртадан кечгача чарчаш нималигини билмай ишларди. Ўшанда Саида иккалалари иморат қурдилар. Ўшанда турмуш кечириш қандай бўлиб, қандай қўйиши ҳеч кимнинг эсига ҳам келмаган эди. Улар ҳам бошқалар қатори колхозда ишлаб, бахтли ҳаёт қуриш, бола-чақали бўлиб, уларни вояга етказиш орзуси билан яшар эдилар.

      “Иморатни битказсак, чорбоғни бегона кўзлардан девор билан ўраб олсак, айни муддао бўларди!” деб юрарди Исмоил. Энди-чи… Энди бўлса у қочқин. Ҳатто ўз уйига ҳам очиқ кела олмайди, кечасилаб ўғридек яшириниб келади. Келганда ҳам ўз уйи унга ўлан тўшак бўла олмайди, балки бошқа бирор бегона ерда ўтиргандек ҳадиксираб, қаттиқроқ сўзлашдан чўчиб, шивирлаб гапиришарди. Саида буларнинг ҳаммасини кўриб-билиб ўтирган бўлса ҳам, кўнглига олмасликка ҳаракат қиларди.

      Эри ўғлини олиб, ўз ёнига келиб ўтирган ўша тунларда Саида бир соат бўлса ҳам ҳамма нарсани унутиб, бахтиёр ҳаёт кечиришни жон-дилидан орзу қиларди.

      “Майли, қочқинчи бўлса қочқинчи деяверсинлар, менга олтин боши омон бўлса бўлгани!” – деб, хамир ёя туриб ўзини ўзи юпатарди. Эркак киши нима қилса ўзи билади. “Ҳар кимга ўз жони азиз, бу урушда ўзини эҳтиёт қилган кишигина тирик қолади!” – деб Исмоилнинг ўзи айтмабмиди. Демак, унга ақл ўргатиш менинг вазифам эмас, ҳаммани қўйиб, суякни этдан ажратиб, уни ёмонотлиққа чиқаришга йўл қўярмидим. “Тушимга кирмаган, ота-бобом кўрмаган