Танланган асарлар: Қиссалар. Чингиз Айтматов. Читать онлайн. Newlib. NEWLIB.NET

Автор: Чингиз Айтматов
Издательство: SHARQ
Серия:
Жанр произведения:
Год издания: 0
isbn: 978-9943-6609-8-4
Скачать книгу
кўпчиликдан ийманган Саида эри билан кўнгилдагидек қучоқлашиб хўшлаша олмади. Улар бир-бирига қўл беришибгина ажралишди. Қачонки, йигитлар кўздан узоқлашганларидан кейин Саида уятини бир чеккага йиғиштириб қўйиб, эрини сўнгги марта қучоқлаб, ўпиша олмай қолгани ва “бўйимда бўлганга ўхшайди” деган хушхабарни бир оғиз айта олмаганидан қаттиқ куюнди. Ўша ўкинчли армон, ушалмаган орзу, тарқалмаган хумор ўшандан бери унинг қалбини тирнаб, изтиробга соларди.

      Чироқнинг пилиги лип-лип этиб, аранг ёнмоқда. Гўдак кўкракни оғзидан чиқаргиси келмай, уйқу аралаш бир-икки тамшаниб қўярди-да, онасининг кўкрагини ийдирарди. Бешикка энкайган Саида эса ўтган кунларни хотирлаб, хаёлга чўмарди.

      Ташқарида деразани биров чертгандек бўлди. Кўзи эндигина илинган Саида бошини бирдан кўтарди-да, қулоқ солиб турди. Дераза яна эҳтиёткорлик билан секин чертилди. Саида дарҳол боласини эмчакдан чиқариб, бешикка ётқизди-ю, ёқасининг тугмаларини солиб, аста қадам ташлаб, деразага яқин келди. Эшик зимистон қоронғи, пастаккина деразадан ташқарида ҳеч нарса кўринмайди. Саида ижирғаниб, титраб кетиши билан оқ сочбоғи шилдираб, елкасига илган чопони ерга чувалиб тушди.

      – Ким у? – сесканиб сўради Саида.

      – Мен… Эшикни оч, Саида! – деб босиқ овоз билан сабрсизланиб жавоб берди ташқаридаги одам.

      – Сен кимсан? – шубҳаланиб яна сўради Саида ва деразадан ўзини четга олиб, лол бўлиб анграйиб қолди.

      – Ҳой, бу менман, Саида, оч эшикни!

      Саида деразага яна қадалиб қаради-да, бирдан бошини ушлаб, эшикка югурди. У қалтираган қўллари билан қоронғида эшик илгагини тополмай пайпасланиб, сўнгра уни шартта очиб юборди-да, овоз чиқармай рўпарасида турган кишини қучоқлаганча йиқилди.

      – Энамнинг боласи! Энамнинг боласи! – деярди у шивирлаб, сўнг тоқати тоқ бўлиб: “Исмоил!” деб унинг ўз отини айтиб, қувончдан ҳўнграб йиғлаб юборди. Худо уни қаердан етказди: унинг аскарга кетган умр йўлдоши омонэсон қайтиб келибди! Ана у, оғзидан махорка ҳиди келиб турибди. Кулранг шинелининг ёқаси таёқдек қаттиқ экан.

      Исмоил нимадандир сескангандек, вужуди қалтираб, қўли билан Саиданинг бўйни ва бошини шошилинч равишда тез-тез силарди.

      – Қани, ичкари кирайлик! – деди у, Саидани қучоқлаб остонадан уй ичига олиб кираркан.

      – Ана халос! – деди Саида ҳушига келгандек. – Ия, вой шўрим, онамдам суюнчи олайин!..

      – Жим! – Исмоил унинг қўлидан ушлаб олди. – Шошма, уйда ким бор?

      – Ўзимиз, ўғлингиз бешикда!

      – Қўя тур, ўпкамни босиб олайин!

      – Онам хафа бўлади.

      – Сабр қил, Саида!

      Саида ҳали ҳам кўзларига ишонмагандек қучоқ очиб, Исмоилнинг бўйнидан қаттиқ қучиб олди. Қоронғида улар бир-бирларининг юзини кўрган эмас, бироқ кўрган-кўрмаганда нима – кигиздек қалин шинель остидан Исмоилнинг юраги дукиллаб ураётганини Саида бусиз ҳам яхши сезиб турарди. Унинг иссиқ ва совуқдан қотиб тўрлаб кетган лабларини у ҳозир тушида эмас, балки ўнгида ўпаётган эди.

      – Қачон