Руҳ – Аллоҳнинг Нафаси, Аллоҳнинг амридан. Лекин у одамга мулк қилиб берилмаган. Руҳ бирор-бир жисм, танамизнинг аъзоси ҳам эмас. У бир вақтнинг ўзида бизда ва шу билан бирга биздан ташқарида: Руҳ – Нурдан келган Нур. Бу Нур бизнинг тасаввуримиздаги Нур эмас. Уни фақат қалб кўзи билан англаш мумкин бўлган жуда ҳам юқориларда бўлган Нурдаги Нур. “Руҳ жавҳардир, у жисмни ҳаракатга келтиради ва такомиллаштиради”. Аллоҳ инсонга ана шу руҳдан ато этди. У кўринмас, ғайб, Руҳий оламдан, у латиф, у Аллоҳдан ва Аллоҳга тегишли, шунинг учун ҳам Руҳ ўлмайди – абадий. Одам ўлганда у танадан чиқиб кетади ва ўзининг ҳақиқий “диёрига”га йўл олади. Ҳар бир одамнинг ўз руҳи бор. У ҳаммада ҳар хил. Тасаввуф олимлари буни гуноҳкор одам билан авлиёлик даражасига етган одамнинг руҳи бир хил бўлмаслиги мисолида кўришади. Шу билан бирга руҳ абадий Оламдан. Руҳ мана шу ягона абадий оламнинг бир қисми сифатида инсон ботинида вақтинча мавжуд. Лекин одамнинг унинг устидан ҳеч қандай ҳукмронлиги йўқ. Аллоҳ уфурган Руҳнинг жойлашган марказини юрак (қалб) дейишади. Биз юракни танамиздаги қонни айлантирувчи жисм, деб биламиз. Илоҳий жиҳатдан эса, тасаввуф таълимининг таърифича, юрак – ҳаётбахш нафасни ишлаб чиқарувчи, Аллоҳнинг сифатлари билан тўлдирилган “жом”. Аллоҳ ушбу сифатларини инсоннинг Ердаги борлиқ фаолиятига имкон бериш учун ишлатар экан. Шундай қилиб, Аллоҳнинг 99 исми сифати – Нури юрагимизга жо қилинган экан. Аллоҳнинг сифатлари билан тўлдирилган юрагимизнинг уриб туришини тасаввур қилаяпсизми? Бир лаҳза ҳамма фикр, хаёлларингизни ҳайдаб, ўзингизнинг ичингизга ўзингиз киринг-да, эшитинг: юрагингиз нима деб ураяпти?…Субҳоналлоҳ!
ЕРДАГИ ҲАЁТНИ ТАРК ҚИЛИШ
Улуғ авлиё Нажмиддин Кубро қуддиса сирриҳу: “Қудсий руҳ латиф ва самовийдир”, дея баҳо берганлар. Аслида руҳ билан само айни бир нарса. Бу руҳ бетиним равишда парвоз этар, юксалар, қувватланар, тарбияланар ва мукаммаллашар. Самонинг шарафидан ҳам кўп устун бир шарафга эришмоқ учун ушбу ҳол давом этар…” ( Нажмиддин Кубро.Тасаввуфий ҳаёт) Дарҳақиқат, инсон вужудига жойлашган руҳ инсоннинг саъй-ҳаракати билан қувватланади, тарбияланади, мукаммаллашади, шу билан юксакликка қараб интилаверади.
Инсон руҳи Раҳмон Раҳим Нуридан (амридан)дир. Шу сабабли бу руҳ ўз асли – Мутлақ руҳ олами сари тинимсиз интилади, (инсон табиатидаги) ҳайвонийликни тарк этмоқ учун курашади” (Нажмиддин Комилов. “Тавҳид асрори”). “Кимни зидди билан бир жойга қўядиган бўлсанг, уни ўлим азобига гирифтор қилган бўласан. Руҳ – лочин, тан эса – қузғундир. Қузғун ўлимтикларга, лочин эса саройга муносибдир. Қузғун билан бирга яшамоқ лочин учун оғир азиятдир”. Улуғ Жалолиддин Румий руҳнинг танадаги ҳолатини ана шундай моҳирона ўхшатиш билан тавсиф қилганлар. Дарҳақиқат, Руҳ аслида бу дунёдан чиқиб кетишга интилади. У Худога, ўзининг дунёсига интилади. Лекин ўзининг дунёсига интилаётгн руҳ, одам онги билан тўқнашади.