“Ўзингни кичик санашни бас қил!
Сен–юрадиган оламсан…”
“Жаноби Ҳақнинг сифатлари Қуръони Каримда 99 та деб таърифланишига қарамай, ниҳоятда кўп. Бу сифатларнинг бир қисми Унинг Ўзига аён бўлса, бир қисмини пайғамбарларига билдиргандир. Бу билинган ва билинмаган сифатларининг уч манбаи бордир:
а) Олам;
б) Қуръони Карим;
в) Инсон.
Олам илоҳий сифатларнинг ҳаракат ҳолидаги, Қуръон эса калом шаклидаги кўринишидир… Қуръони Карим камол сифатини олган ОЛАМ демакдир. Инсон эса бу оламнинг ядроси, уруғи. Чунки мавжудот ичида Аллоҳнинг бутун сифатларидан насиба олган ягона жонзот бу – инсон. Шунинг учун ҳам инсоннинг яратилишдан яхшиликка ҳам, ёмонликка ҳам, иймонга ҳам, куфрга ҳам истеъдоди бўлади. ИЙМОН – Аллоҳнинг бандасига таклифи… Бутун илоҳий сифатларни ўзида мужассам этгани учун ҳам инсон кичик олам деб аталади. Инсоннинг эт ва суякдан иборат бўлган вужудида илоҳий кўринишнинг сирлари, нурлари ва ҳақиқатлари бир ерга тўпланган. Инсон илоҳий санъатнинг энг баркамол намунаси, олам китобининг фотиҳаси ва хулосасидир” (Усмон Нурий Тўпбош. “Бир кўза сув” Т., 2007).
Аллоҳ инсонни нақадар буюк ва улуғ қилиб яратган экан! Биз ана шу улуғликни ўзимиз қанчалик англаймиз? Бу олам ҳаёти инсонга нима учун берилганлигини, Ердаги ҳаётимизнинг маъноси нима эканлиги ҳақида “улуғлик” даражасида туриб фикр қилганмизми? Инсон бу “олам китоби”да ўз фотиҳасини бошлаб, уни қандай хулосалар экан?
Ҳадисларга кўра, пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўз дилини англаган, ўз Роббисини англайди”, деганлар. Комиллик эгаси бўлган улуғ мутассаввиф Ибн Арабий шу ҳадис ҳақида гапириб: “Илоҳий Нафасни англашни истаган – оламни англайди. Ўзини ўзи англаган, ўз Роббисини англайди, ўз Роббисини англаш эса, ўз ўзини англашликнинг натижасидир”, деб “Ҳикматлар жавоҳири” (“Гемма мудростей”) номли китобларида ёзадилар. “Илоҳий Нафас” нима? У вужудимизнинг қай ерида жойлашган? Ўз вужудидаги илоҳий Нафасни инсон қандай қилиб англай олиши мумкин? Дил нима? Қалб нима? Мен кимман? “Мен”даги “мен” ким? Биз вужудимиздаги ўз “мен”лигимиз билан Аллоҳнинг “Мен”лигини қай даражада фарқлай оламиз? Бундай фарқлашнинг инсон учун қандай аҳамияти бор? – Жуда ҳам катта аҳамияти бор! Биз бу дунёдан ё ўзимизнинг “мен”имиз учун яшаб ўтамиз, ёки нафсимизни тарбият қилиб, “нафси қудсия” даражасига олиб чиқиб қалбимизда Аллоҳнинг “Мен”ини қарор топтириб ўтамиз. Бизнинг бу дунёдан ўтадиган “тест”имиз айнан ана шундан иборат.
“Мен” икки томондан тушунилади. “Мен” деганда, биз ўз танамиз, онгимизни, ўзимизни назарда тутамиз. Лекин ҳаммамизнинг қалбимизда Худо бор ва бизнинг бирламчи “мен”имиз – Олий “Мен” бўлиб, у Худодан, муҳаббатдан бўлади ва у макондан, вақтдан ташқарида бўлади. Шунинг учун ҳам у абадий. Иккиламчи – инсоннинг онгидаги “мен”. У вақт, замон, маконда, бизнинг танамизда; у бу дунёники ва шунинг учун ҳам бизнинг