Қўлидин кетди ихтиёри андоқ,
Тилим ожиз демакка, бўлди қандоқ?
Чунонким ул санам домига тушди,
Кўнгилдин ўт чиқиб, бағри туташди.
485 Ўшал дам ақли буткул топди барҳам,
Вале ишқи зиёда эрди ҳар дам.
Ки ҳар дам бўлди хотинда хаёли,
Чекиб оҳ, қолмади ҳоли, мажоли.
Чу устун келди ишқи, ақли кетди,
Хотинга ҳолини ул маълум этди.
Гаҳи зар сўнди, гоҳи чекди ул зор,
Ва лекин қувди хотин, айлади хор.
Деди: Ҳақдин уял, шул эрса коминг,
Қани оғангга иззат, эҳтироминг?
490 Шуми дину диёнат, эй нетарсен?
Омонатга хиёнатму этарсен?
Тазарру эт, кечирсин то Худованд,
Бу фосид ўйларингдин кеч тамоман…
Деди хотинга ул: бефойдадир сўз,
Мени зуд хушнуд айла, эй дилафрўз.
Йўқ эрса, бўйла бир савдо этармен,
Халойиқ олдида расво этармен.
Аламдин бағри чок бўлгайсен охир,
Йиқилгайсен, ҳалок бўлгайсен охир…
495 Деди хотин: гар ўлсам, не фироқдир,
У дунёда ўлишдин яхшироқдир…
Чу нокас қўрқди, хотин бўзлагай деб,
Эрига бори гапни сўзлагай деб.
Ўзини оқламоқни ўйлади ул,
Бериб пул, тўрт кишини ёллади ул.
У шумлар кори бўлди чун гуноҳлик,
Зино қилди бу хотин деб гувоҳлик.
Эшитди қози шумлардин бу ишни,
Буюрди шу замон сангсор қилишни32.
500 Хотинни судради саҳрога авбош,
Ва унга тўрт тарафдин отдилар тош.
Чунон тош отдилар, тошлар уюлди,
Кейин, бас, дедилар, фоҳиша ўлди.
Бу янглиғ тош отиб, устига чошлаб,
Халойиқ кетдилар шўрликни ташлаб.
Аёл дашту биёбон ичра қолди,
Тани тупроқ аро, қон ичра қолди.
Кечиб тун, бўйлаким тонг этди оғоз,
Аёл шўрлик ўзига келди бир оз.
505 Ва инграб дам-бадам ул нола чекди,
Кўзидин тўкди ёшлар, жола чекди.
Баногоҳ дашт аро шул субҳгоҳий,
Ўтарди тевасида бир аъробий.
Эшитди нолани, кўнгли эзилди,
Тушиб, ул муштипар бошига келди.
Ва сўрди: эй хотин, бечора, кимсен?
Ўлибдирсен, вале андак тириксен…
Аёл дедики, мен бемору зормен,
Аъробий дедики, ёрдам этармен…
510 Кейин тевасига миндирди они,
Уйига элтдию индирди они.
Қарашди парваришлаб кеча-кундуз,
Ки ўз ҳолига қайтди ул дилафруз.
Яна товланди ул, гулдек очилди,
Гулидин атру амбарлар сочилди.
Тозарди юзлари, гулнори яшнаб,
Кўринди сочлари, зуннори яшнаб.
У сангсордин чиқиб, чун ёнди ял-ял,
Ки тошлар бағридин чиққан каби лаъл…
515 Аъробий кўрди не ҳусну жамол ул,
Чу ошиқ бўлди, бас, ошуфтаҳол ул.
Чунон ўртанди, ёнди, йўқ қиёси,
Кафан