Худди кечагина бўлиб ўтгандай кўз олдимда турибди: мушоираларнинг бирида соқийликка сайланган Расул Ҳамзатов калом айтиб, қадаҳ кўтаришда грузин шоири Ираклий Абашидзе билан баҳслашиб, ўтиришга ажойиб файз киритганди. Ўша мушоира чоғида атоқли тожик шоири Мирзо Турсунзода Ғафур акага ўз шеърларини ўзбек тилида ўқиб берган, мезбон эса унга тожик тилида шеърий жавоб қилганди. Сал кейинроқ, олтмиш биринчи йили кузда, Ўзбекистонда рус адабиёти ўн кунлиги бўлган чоғларда худди шу боғда, тўғрироғи, Ғафур аканинг доим осойишталик ҳукм сурган шинамгина ишхонасида машҳур рус шоири Михаил Светлов лабларида шўх кулги, кўзларида муғамбирона учқунлар чақнаб, ўзбек шоирлари билан аския айтишган ва ҳаммани кулдирган эди.
Ғафур ака бундай мушоира ва шоирона оқшомларни жуда яхши кўрар, ўзлариям жуда очилиб яйраб-яшнаб кетардилар.
Новчадан келган, хушқомат Ғафур ака, бундай пайтларда дўпписини чаккасига қўндириб олиб, гапга киришиб кетар, шеърлар ўқир, ғаройиб ҳангомалар айтиб бериб, қизиқчилик қилиб, ичаклар узилгунча кулдирардилар. Мезбоннинг хушчақчақлигини кўргандан кейин даврада ийманиброқ ўтирган ёшлар ҳам очилиб кетиб, мушоира яна ҳам қизир, шеър ўқишар, аския ва ҳазил-мутойибалар янада авжига чиқарди.
Шундай қилиб, мен Ғафур ака билан эллигинчи йилларнинг охирида, у кишининг ижоди камол топиб, донғи оламга кетган пайтларда танишган эдим. Олисдан салобати босадиган улуғ шоир аслида ниҳоятда камтар, оқкўнгил ва оддий бир инсон эканини кўриб танг қолган эдим. Ажабо: Ғафур ака кексалигида шу қадар серзавқ, қувноқ, хушчақчақ бўлсалар, ёшлигида қанақа эканлар?..
Бизни марҳумнинг ҳаёт йўлдоши Муҳаррам опа кутиб олдилар. Кўзларига сўнмас ғам чўккан, тўладан келган, ўрта бўйли бу аёл биз билан мулойимгина саломлашиб ичкарига, Ғафур аканинг ижодхонасига бошладилар.
Ижодхонада ҳамма нарса Ғафур ака ҳаёт вақтида қандай бўлса, шундай турибди: бурчакда Ғафур аканинг катта портрети, ўртада ёзув столи, ўнг томонда қўлёзма ва китоблар терилган ёпиқ шкафлар.
Муҳаррам опа қўлимга бир боғлам калит тутқаздилар. Шкафни очиб, қўлимга илинган биринчи папкани олдим. Бир даста сурат! Мана, биринчи сурат, ўттиз чоғли сочлари устарада олинган – тақир бош болалар. Устларида оқ сурп кўйлак, кенг почали бўз иштон.
Муҳаррам опа кулимсираб, бурни сўррайган озғингина бир ўспиринни кўрсатди:
– Ғафур акангиз. Йигирма биринчи йили олинган сурат. У маҳалда Ғафур акангиз болалар уйида тарбиячи бўлиб ишлардилар. Маҳаллама-маҳалла юриб, етим болаларни йиғардилар. Нечтасини безорилар чангалидан қутқариб қолганлар…
Муҳаррам опанинг гапларини эшитганимда, Шум