СЎЗ. Одил Ёқубов. Читать онлайн. Newlib. NEWLIB.NET

Автор: Одил Ёқубов
Издательство: SHARQ
Серия:
Жанр произведения:
Год издания: 0
isbn: 978-9943-26-623-0
Скачать книгу
Абай ҳаёт қийинчиликларидан кўнгли ўксиб, руҳан эзилган онларида рус адабиётига мурожаат қилган. У, айниқса, А.С.Пушкинни севган. Шу боис ҳаёт кўзига қоронғи кўриниб кетган онларида Пушкин асарларидан тасалли қидирган. Унинг шеър ва романларини қозоқ элига биринчи бўлиб таржима қилган ва бундан нотинч ўйлари, қалби тўла дардларига малҳам топган, тасалли олган.

      Мухтор Авезовнинг қозоқ халқи олдидаги энг юксак хизматлари ҳам шундаки, у буюк оқиннинг қалбидаги бу тўлқинларнинг ҳаммасини тасвирлаб бера олган ва буюк оқин қалбидаги энг нозик тўлқинлар, дарду ҳасратлар, чексиз туғёнларни ифода этиш орқали Абайнинг жаҳон халқлари юракларидан ўрин олишини таъминлаган. Чунки инсоният қанча халқ, қанча элат, қанча миллатга бўлинмасин, барибир уларнинг қувончлари ҳам, дарду ҳасратлари ҳам, дунёга келиб чеккан изтироблари ҳам, азоб-уқубатлари ҳам бир хил бўлади.

      Мухтор Авезов бу улуғ ҳақиқатни ёшлигиданоқ илғай олган сўз санъаткорларидан бири эди. 1977 йили қозоқ халқи Мухтор Авезовнинг 80 йиллигини нишонлаганда камина бу тантаналарда иштирок этишга мушарраф бўлганман. Шунда бу тантаналарда иштирок этиш учун Олмаотага ташриф буюрган кўп миллатли адиблар қаторида мен аввал Мухтор Авезов туғилган оддий қозоқ овулини, ундан кейин Абай бобо таваллуд топган овулни кўриб, қабрига таъзим бажо келтирдим.

      Шунда мен бир нарсага амин бўлдимки, инсониятнинг барча даҳо фарзандлари оддий қишлоқ, овулларда туғилиб, вояга етар экан. Бундай одамлар болаликдан, оддий кишиларнинг, қўйчивонлар ва деҳқонлар, боғбонлар ва уларнинг фарзандлари билан баробар вояга етиб, кўрган бахтиёр кунлари ҳам, ғурбатли онлари ҳам бир бўлар экан. Шунинг учун ҳам улар орасидан етишиб чиққан улкан истеъдод соҳиблари халқ ҳаётини тасвирлашда юксак зафарларга эришишга муяссар бўла олишар эди.

      Ўшанда, Мухтор Авезов овулига буриладиган жойда бизга қозоқ фольклоридаги Қози Кўрпеш ва Баян Сулув қабрини кўрсатишди. Маълумки, қолоқ урф-одатлар сабаб бу икки севишганларнинг ҳаётига завол бўлган машҳур қозоқ достони бепоён Семей далаларининг худди шу маконида рўй берган экан. Чамаси, бу машҳур ривоятни болалигидан эшитиб, юраги зирқираган Мухтор Авезов «Қози Кўрпеш ва Баян Сулув» драмасини яратган.

      Ўйлайманки, Мухтор Авезов кейинчалик жаҳонда машҳур бўлган «Кўк серек» ҳикоясида акс эттирилган воқеаларни ҳам болалигида ўша ўзи туғилган, севган овулида эшитган. Болалигида, эҳтимол, ўзининг бувиси Зери кампирдан эшитган бу ҳангома кейинчалик бутун жаҳонни айланиб чиққан ажойиб ҳикояга айланган.

      Мен Мухтор Авезов асарларининг туб моҳиятини, уларни яратишга туртки бўлган омилларни ёзувчи туғилган овулда бўлиб, унинг болалик йиллари кечган яйловларни ўз кўзим билан кўрганимда, бу ҳақиқатни охиригача англадим. Семейдан анча йироқ оддий қозоқ овули – шувоқ, ёвшан, туя бўйи қамиш ўсган жарликлар ва бепоён янтоқзорлар билан ўралган кичкинагина овул кичкина Мухторга бир дунё қувонч бағишлаганлигини илғаб олиш қийин эмас эди.

      Мен