Боя сиз тарихий асарда анохронизм, тарихий фактларни бадиий ниятга кўра «ўзгартириб кўрсатиш» анъанаси ҳақида гапирдингиз. Ҳатто Ойбекдек, тарихий фактларга изчил риоя қилган реалист ёзувчи ҳам Навоий талқинида унинг ижтимоий мавқеи билан боғлиқ баъзи жиҳатларни атай четлаб ўтгани тўғри. Бугина эмас, романдаги Мажидиддин образи ҳам ҳаётдаги, аниқроғи, В.Б.Бартольд таърифлаган Мажидиддиндан бошқачароқ, ёзувчи бу одамнинг олим қайд этган ижобий фазилатларини деярли эсга олмайди. Буларнинг барчаси худди ўша тарихий шахс образи концепцияси билан алоқадор масалалардир.
ТАНҚИДЧИ. Мажидиддин образи ҳақидаги гапларингизга қўшилган ҳолда романдаги бир лаҳзани хотирга солмоқчиман. Мажидиддин ўз фаолиятининг сўнгида ҳаёт йўлини, қилган ишларини сарҳисоб этиб, чуқур афсус ва қайғу билан дейди: «Умримдаги энг катта хато – Алишер Навоийга душманлигим бўлди. Мен йигирма йилдан ортиқ Алишерга қарши ҳаракат қилдим… Алишер юраги тоза одам эди». Бу гапларни гарчи боши деворга урилиб, кўзи ярқ этиб очилган дақиқаларда айтган бўлса-да, ҳар ҳолда, шундай адолатли хулосага келган одамнинг табиатида, кўнглида озми-кўпми инсоф, диёнат бўлиши керак! Қаранг, реалист адиб озгина бўлса-да, шунга ишора қилиб ўтади.
Атоқли адабиётшунос олим Матёқуб Қўшжонов «Ойбек маҳорати» китобининг «Навоий» романига бағишланган бобини «Буюк шахс фожиаси» деб атайди. Олим асарни бадиий маҳорат нуқтаи назаридан атрофлича таҳлил этади-ю, негадир романда «буюк шахс фожиаси» масаласини етарлича ёритиб бермайди. Бунинг муайян сабаби бор. Асарда Навоий, унинг улуғ идеаллари, орзу-интилишлари, гуманизм билан замонаси, аниқроғи, салтанат орасидаги зиддиятлар кенг тасвир этилади, адиб бу зиддиятлар туфайли шоир қалбида кечган руҳий кечинмаларни, шунингдек,