ТАНҚИДЧИ. Ойбек «Навоий» романи билан ўзбек адабиётида том маънодаги тарихий романга, аниқроғи, тарихий-биографик романга асос солди. Бу роман чуқур илмийлик ва юксак бадиийлик синтезидан туғилган. Адиб Қодирий ҳақидаги тадқиқотларида, жумладан, шундай дейди: «Ҳақиқий реалист санъаткор билан илмий методология ила қуролланган тарихчи маълум нуқталарда учрашувлари керак. Уларнинг тарихий ҳаётни текширишлари, ҳодиса ва воқеаларни танлашдаги йўл ва усуллари қанчалик айри бўлмасин, охирги пайтда, сўнгги натижада улар учрашувлари лозим, яъни тарихчининг ҳақиқати ила санъаткорнинг ҳақиқати мувофиқ, ҳамоҳанг бўлиши керак. Қисқача айтганда, бадиий ҳақиқат тарихий ҳақиқатга мос келсин». Адиб романда бу принципга тўла риоя қилган. Навоий ҳаёти, даврини жуда чуқур билган, у ҳақда ажойиб тад қиқотлар яратган Е.Э.Бертельс: «Романнинг катта муваффақияти шундаки, унга киритилган барча воқеалар бизгача етиб келган тарихий ҳужжатлар билан тасдиқланади»,– деб гувоҳлик беради.
Ойбек Навоийнинг ҳаёти, шахсияти тасвирида ҳаётий фактларга таянади, Навоий ҳаётини «тўлдирадиган» тўқималардан мумкин қадар ўзини тияди; эҳтимол, тарихда аниқ фактлар бўлмагани учун унинг интим ҳаёти, севгиси соҳасини очиқ қолдиради.
Аммо «Навоий» романида бошқа хилдаги тўқима воқеалар, персонажлар бор. Арслонқул, Дилдор, Султонмурод, Зайниддин, Тўғонбек сингари бадиий тўқима йўли билан яратилган персонажлар Навоий образи билан турли даражада мулоқотга киришадилар, романнинг умумий сюжет йўналишида улар муайян ўрин тутадилар… Шундай усул билан яратилган образлар «Юлдузли тунлар»да ҳам, Сизнинг ҳар икки тарихий романингизда ҳам бор. Кейинги романингиз «Кўҳна дунё»да, ҳатто ижодий фантазия маҳсули бўлмиш Ибн Шаҳвоний етакчи персонажлардан бирига айланган, Ибн Шаҳвоний билан боғлиқ можаролар Ибн Сино, Беруний билан салтанат, Султон Маҳмуд орасидаги зиддиятларнинг энг муҳим ҳалқасини ташкил этади. Тарихий романларда тарихий шахсларни тўқима образлар билан мулоқотга киритиш бу шунчаки адабий анъаналар кўринишими ёки бадиий эҳтиёж, зарурият тақозосими?
ЁЗУВЧИ. Тарихий романда илмий ҳақиқат билан бадиий ҳақиқатнинг муносабати ғоят нозик ва мунозарали масала. Адабиёт тарихида шундай асарлар борки, улар илмий жиҳатдан асосланган тарихий фактларга тўла мос келадиган ҳужжатларга таяниб ёзилган. Ойбек домла улкан олим, тарихчи, файласуф бўлгани, Навоий ҳаёти, ижоди, у яшаган даврни пухта билгани учун ҳам, эҳтимол, тарихий фактлардан унча чекинган эмас. Айни замонда шундай тарихий асарлар ҳам борки, уларда умуман ҳаётий ҳақиқатга таянилгани