– Картотекалар кўлами саксон саккиз куб метр! – эълон қилди жаноб Фостер залнинг кириш эшиги олдида оғзининг суви қочганча.
– Булар айни дамдаги ишимизга тааллуқли маълумотлар, – қўшиб қўйди Раҳбар.
– Ҳар тонгда у янгиланади.
– Тушга келиб эса улар мувофиқлаштирилади.
– Сўнг шунинг асосида ҳисоб-китоб қиладилар.
– Мана шундай сифатдаги ушбу турга мансублар, – аниқлик киритди жаноб Фостер.
– Айнан мана шунча миқдорда.
– Шишаларни очишнинг мақбул тезлиги жорий вақтда белгиланади.
– Кутилмаганда йўқотилганлар ўрни зудлик билан тўлдирилади.
– Зудлик билан, – унинг гапини илиб кетди жаноб Фостер. – Япониядаги сўнгги зилзила мени ишга қанчалар кўмиб ташлаганини билганингизда эди!.. – у бошини чайқаганча, самимий кулиб қўйди.
– Тайинловчилар уруғлантирувчиларга буюртма беришади.
– Ва улар талаб қилинган эмбрионларни юборишади.
– Кейин шишалар муфассал тайинланиш учун шу ерга келтирилади.
– Шундан кейин пастга, Эмбрионарийга тушиб кетади.
– Биз ҳам ҳозир ўша ерни кўрамиз.
Сўнг жаноб Фостер эшикни очиб, зинапоя бўйлаб пастги қаватга бошлади.
Ҳарорат бу ерда ҳам жуда иссиқ эди. Атроф қоронғилашиб борди. Эшик, иккита муюлишдан иборат йўлак ва яна бир эшик ичкарига кун давомида тушиши мумкин бўлган ҳар қандай ёруғликнинг олдини оларди.
– Эмбрионлар фотоаппарат тасмасига ўхшайди, – иккинчи эшикни итараркан, ҳазил қилди жаноб Фостер. – Қизил рангдан бошқасига тоқати йўқ.
Аслида ҳам талабалар қадам қўйган жазирама зулмат қуёшли кунда кўз юмилса, унга кўринадиган қирмизи ранг мисоли эди. Қаватма-қават қатор бўлиб тизилиб, узоқлашиб бораётган қабариқ шиша идишлар ёқутдек товланар, ёқутлар оралаб эса хира қизил тусдаги эркак ва аёллар спектри кўзга ташланарди. Уларнинг кўзлари қипқизил, ёноқлари эса мисоли тери силига чалингандаги каби қирмизи тусда эди. Ҳавода бўғиқ гувиллаган овоз, дастгоҳларнинг тарақлаши аста аралашиб борарди.
– Ёшларга рақамларни айтинг, жаноб Фостер, – деди Раҳбар. У бир оз нафасини ростлаб олмоқчи эди.
Жаноб Фостер қувончи ичига сиғмай, рақамларни ёғдира бошлади.
Эмбрионарийнинг узунлиги икки юз йигирма метр, кенглиги – икки юз, баландлиги – ўн метр эди. У тепага ишора қилди, талабалар эса сув ичаётган жўжалар каби бошларини баланд шифт томон қаратишди.
Токчалар пастки, ўрта ва юқори – уч қават эди.
Темир тўрдек қаватлар тўрт томонга чўзилиб, зулмат қарига кириб кетганди. Сал нарироқда учта қизил тайинловчи шиша идишларни ўзиюрар зиналардан эпчиллик билан тушириб олишарди.
Бу эскалатор Ижтимоий тайинловлар залидан.
У ердан жўнатилаётганда шиша ўн бешта токчадан бирига қўйилади. Ҳар битта шунақа токча конвейердир – кўз илғамас даражада, соатига