– Қишлоқ… – дейишим билан тилим тутилди, чунки туйқусдан қишлоғимиз кўз олдимга келди-ю, уйдагиларни соғинганимни ҳис қилдим. – Бизники кичкинагина, санасангиз, юзтача оила яшайдиган қишлоқ. Кўчалари чанг, ўйдим-чуқур. Лекин оёқяланг тупроқ чангитиб юриш маза. Ёзда одам яйрайди, чўмиладиган жойлар кўп.
Шундай дебман-у, хаёл суриб кетибман: қишлоғимиз ўртасидан кесиб ўтган ариқни, дарахтларни, пастқам уйимизни, отамни, укаларимни…
– Ҳей! – деди бир маҳал Нигора қўли билан туртиб. – Нега ўйланиб қолдингиз?
“Ялт” этиб унга қарадим. У шунақанги гўзал табассум билан тикилиб турардики, меҳрим аввалгидан икки баробар жўшиб кетди.
– Кечирасиз, – дедим айбдор одамдай қизариб.
– Кетгингиз келдими? – деди у меҳрибонлик билан.
– Йўғ-э, ўзим, шунчаки, ўйланиб қолибман.
– Унда, бир нарса сўрасам майлими? – дея айёрона жилмайди у.
– Бемалол.
– Қизингиз борми? Севган қизингиз.
Мен баттар қизардим. Нигорага қарашга ботинолмай компьютер томонга юзланиб:
– Йўқ, – деб жавоб қилдим. Ваҳоланки, худди шу маҳал кўз ўнгимдан синфимизнинг аълочиси, қишлоғимизнинг энг олд қизларидан бири – Нозима ўтган, унинг: “Энди мен сизни ака дейман”, деган сўзлари қулоғим остида жаранглаган эди. Бироқ мен севаманми-йўқми, билмасдим. Ахир, у шу гаплари, қолаверса, ёзган хати билан менга бўлган муносабатини билдирган, лекин шунда ҳам менинг юрагим жиз этмаган эди.
– Нега? – сўради Нигора ўзини ажабланаётгандай кўрсатиб.
– Билмадим, – дедим елкамни қисиб.
– Қишлоқларингда чиройли қизлар йўқми?
– Кўп. Лекин уларни бошқалар яхши кўради-да.
– Нима қипти? Мана, масалан, мен кўчага айлангани чиқсам, йўқ деганда иккита бола гап отади. Кўзи билан тешиб юбораман, деганлариям кўп бўлган. Мактабни битираётганимда, болалардан олган хатларни институтдагилари билан қўшсам, битта китоб бўлади. Ёнимга келиб, қўлимни сўраганлари қанча! Ўшалар, масалан, бошқа биров менга севги изҳор қилишганини билишади-ку! Шундай бўлсаям, барибир гапираверишади. Биласизми, бир марта учта ўртоқ севги изҳор қилган. Ўшанда уларнинг устидан қотиб кулганман.
– Мен ундай қилолмайман.
– Биламан. Сиз жуда уятчансиз. Кейин соддасиз. Бе-ғубор содда. Мана шунақа одамлар менга ёқади.
Унинг охирги гапи бошқача таъсир қилди. Қандайдир куч вужудимга эниб, Нигоранинг кўзига қарадим. Қизнинг юзида табассум йўқ, кўзида эса бошқача бир ўт бор эди. У мени худди оҳанрабодай ўзига тортар, юрагимдаги қўрқув, ҳаяжон қаёққадир ғойиб бўлганди. Мен қаердалигимни, бу сулув хўжайинларимдан бири эканини унутгандим. Шундай эса-да, танам юрагим измига бўйсунмади, нимадир мени орқага тортди. Орадан бирор дақиқалар ўтиб мен аста-секин ўзимга кела бошладим. Шу маҳал қўлимнинг устида бир нима турганини ҳис