– Сареқ бўганмисез? – сўради ўша-ўша мулойимлик билан кўзойнак.
– Йўқ.
– Окэ! – деди у бош бармоғини юқорига қилиб ва шеригига қараб яна ўша ёт тилда валдиради. Шериги эса эшик тепасидаги соатни кўрсатиб, бир балолар деб жавради.
Кўзойнак бошини қимирлатиб унинг гапини тасдиқлади ва менга юзланиб:
– Сез, шу ерга ўтираде, без тез келамез, – деди.
– Майли, – дедим рози бўлиб.
Уларнинг оёқ излари совиб улгурмай, кичик ойна билан ўралган хоналардан олдинма-кетин оппоқ халат кийганлар чиқиб келишди ва менга қайрилиб ҳам қарамай ҳалигиларнинг ортларидан равона бўлишди. Мен ёлғиз қолдим. Бир муддат жойимда қимирламай ўтирдим, кейин зерикдимми, ўрнимдан туриб, эшик томонга ўғрин-ча қараб олиб, оҳиста қадам босиб ойнали бўлинмалар томон бордим.
Мен кўрган манзара даҳшат эди. Уни кўргунча, кўзим оқиб тушса мингдан-минг рози эдим. Қўрқа-писа хонача эшигини очдим-у, қотиб қолдим: ўртадаги узунасига икки, энига бир метрча келадиган стол устида кўкрак қафасию қорни очиб ташланган, кўзи олайган мурда ётарди. Оёқ-қўлим қалтиради, юрагим тез ура бошлади, этим увишди. Бақирай дейман-у, овозим чиқмайди. Бир маҳал гурс этганча тиззалаб ўтириб қолдим. Ўтакам ёрила-ёзди ва сакраб ўрнимдан туриб, қочмоқчи бўлиб, кейинги хонанинг ҳам эшигини очиб юборибман. Бунисида кўрганим ундан-да даҳшат эди. Одамнинг кесиб олинган қўл-оёқлари, боши осиб қўйилган, стол устида ичаклар чувалашиб ётибди. Мен адойи тамом бўлдим. Бир йилча бурун оёғи синган ҳўкизчамизни қассобхонага олиб боргандик. Ўшанда қассоб молни ташқарида сўйиб, терисини шилиб, гўштини кушхонага олиб кириб мана шундай чавақлаганди. Ҳозир шу кўз олдимга келди.
Эшикни қандай ёпдим, билмайман. Аста ортимга тисарила бошладим. Миям жуда тез ишга тушиб кетди. Лаҳзада анави кўзойнак ва унинг шериги мени текширувдан ўтказгани хаёлимдан ўтди…
Қишлоғимизда Аброр исмли бир йигит бор. Ўзимизнинг шаҳарда ўқийди. Ҳали ёш бўлсаям, тепакал. Ўша бир гапни айтиб берган. Эски бир шаҳарда битта кўча бор экан. Мабодо ёш бола адашиб бу кўчадан ўтиб қолса, ўша ернинг одамлари уни ушлаб олиб уйларига олиб кирарканлар-да, ертўласига қамаб ширин таомлар билан боқишаркан. Сўнг ўзларининг қанақангидир маросимида семирган болани чўмилтириб, ун солинган супра устига ўтқазаркан-да, атрофини қўлларида бигиз ушлаб ўраб олишаркан. Улардан бири:
– Кел, ўзим сенга шоколад бераман, – деб болани ёнига чақираркан. Қўрққанидан дағ-дағ қалтираган шўрлик бола секин ўзини чақирган одамга яқинлашаркан ва кутилмаганда этига санчилган бигиздан чинқириб, қочмоқчи бўларкан-у, бошқа биттасининг ёнига бориб қоларкан. Бу сафарги бигиз нақ унинг суягигача етиб бораркан. Хонани эса бола бечоранинг ноласи билан бирга, қонхўрларнинг ҳайқириғи эгалларкан…
Аброр қолганини ҳам айтган эди. Лекин мен уни