Хонамга кириб, талай муддат шифтга термилиб ётдим. Хаёлнинг минг бир кўчасига кириб чиқдим. Кўз ўнгимдан Нигоранинг табассуми кетмайди. Анчагача ўзимга келолмадим. Ҳаяжонимни босай деб каравотдан тушиб, дераза ёнига бордим ва ойнадан ташқарига қараб турдим. Шу маҳал негадир қишлоққа кетгим, кўримсизгина, ғариб кулбамизга кириб, юзимни ёстиққа қўйиб ётгим келди. Ўгирилиб каравотимга қарадим, ҳа, бу жой мен учун жуда юмшоқлик қиларди. Ҳали бу каравотда қанча ётишимни ўйлаб, очиғи, юрагим орқага тортиб кетди.
Тошкентга келганимдан бери бир маза қилиб тўйиб ухласам, дердим. Мана, энди уйқуданам зерикдим. Тезроқ хизматкор аёл келса-ю, менга юмуш буюрса. Аммо ундан ҳадеганда дарак бўлавермади. Ташқарига чиқиб кетолмасам. Чунки рухсатсиз хонани тарк этишим мумкинмас, деб ўйлардим.
Хуллас, амал-тақал билан кунни кеч қилдим. Ўзимча ташқарига чиқиш учун баҳона ўйлай бошлагандим, эшик тақиллаб қолди. Сўнг: “Нодиржон”, деган хизматкор аёлнинг овози эшитилди. Хурсанд бўлиб кетганимдан сакраб турдим, югуриб бориб эшикни очдим.
– Сени Индирахон чақираяпти, – деди у майин товушда, – манавиларни кийиб чиқаркансан.
Шундай дея у қўлидаги жинси шим билан юпқагина кўк футболкани берди.
Мен дарров кийимларни кийиб, ошхонага бордим. Аммо у ерда Индира опа йўқ эди. Ҳовли томонда машинанинг товуши келди. Шу ёққа югурдим. Қарасам, хонадон маликаси қоп-қора чет эл машинаси (“Мерседес”лигини кейинроқ билдим) ичида талтайиб ўтирибди. Машинага бу аёлнинг ўтириши жуда мос тушган, кўрган одамнинг ҳаваси келарди.
– Дарвозани очайми? – сўрадим ёнига бориб.
У тасдиқ маъносида бош силкиди. Дарров амрини бажо келтирдим. Машина кўчага чиққанидан кейин дарвозани ёпдим. Индира опа машина ойнасини тушириб:
– Ёнимга ўтиринг, – деди.
Индамай кетаяпмиз. Менинг бир нарсаларни сўрагим келади-ю, оғиз очишга ийманаман, кўнглига ўтирмайдиган гап айтиб қўймай, деб чўчийман ҳам. Йўл-йўлакай опа менга бир-икки қараб қўйди. Қарашидан пайқашим-ча, мен нимадир дейишим керак. Кошки, шу маҳал тилимга тузукроқ гап кела қолса. Опанинг қарашига маънисиз, қуруққина қараш билан жавоб бериб қўя қолдим.
– Мошина ҳайдашни биласизми? – сўради опа ниҳоят менга тағин нигоҳ ташлаб қўйиб.
– Йўқ, – дедим мен бош чайқаб.
– Чатоқ экан. Ничего, ҳали ўрганиб кетасиз. Нигора ҳайдашни билади-ю, лекин унга кўпам ишонавермайман. Бечора қизим ўқишига таксида бориб келади.
– Нигора ўқийдими? – деб сўрабман ўзим ҳам сезмаган ҳолда.
Опа кулиб қўйди-да:
– Конечно! Юридическийда! Биринчи курс. Ўз кучи билан кирган, – деди фахрланиб.
Мен миямда ҳисоблашга тушиб кетдим. “Агар ўн еттига кирган бўлса, энди мактабни битириши керак. Қандай қилиб ўқишга кирди экан?.. Опа мени лақиллатаётганга ўхшайди. У ўн еттига кирмаган, ёши каттароқ. Кўринишидан ҳечам ўқийдиган қизга ўхшамайди. Пул билан киритган… Айтганча, қизиям менга тикилиб қаради-ку. Лекин ҳеч ким индамади. Қайтанга мени уялтиришди.