Шоир халқона ифодалар билан шеърхон кўнглига йўл топади ва уни эгаллайди, керак бўлса ларзага солади.Чунки у тасвирлаган туйғу энди шеърхонникига айланади. У “сенсиз ғариб кўнглим кўнгилми онам” деган бир мисрасида она – қалб қувончи эканлигини ифодалай олган. У ”Гарчи бисотингда “байрам “ сўзи йўқ”…Сенга на гул бердим, на ширин калом” дея ўз ўқувчисини онаизорлар қадрига етишга, ҳолидан хабар олишга чақирган бўлса, не ажаб! ”Дейсан: олисларда омон юрсанг бас, Ёдингга тушсам гоҳ йўқлаб турсанг бас”. Албатта,дийдор ғанимат.Бу беш кунлик дунёда ота – она розичилигини олишга нима етсин!
Соғинч ҳақда шеърлар
Ёздим ўзимча,
Мендан – пешонангда
Доғлар тизимча.
Ўғлинг бўлмай ўлай,
Аттанг, минг аттанг,
Қиз туғсанг нетарди,
Кўпроқ қиз туғсанг!..
Тиргак бўлолмадим
Битта қизингча,
Уялмай шоирман
Дейишимга боқ.
Шоир она образи орқали волида ва фарзанд ўртасидаги муносабатларни бутун бўй – бастилигича кўрсата олади. ”Йўл қараб бўлдими, жигаргинанг қон”, ”сен мени яратдинг ,сени тугатдим”, ”Сен сўлиб, Мен яшнаб тўлишимга боқ” дея шеърият ихлосмандларини тириклик фурсатини бой бермасдан оёғи остида жаннат бўлмиш – Онанинг розичилигини олишга даъват этади. Ҳа, Пайғамбар (с.а.в.) ҳам, дунёнинг улуғ мутафаккирлари ҳам ота – она хизматида бўлишга, уларни эъзозлашга чақиришган. Уларнинг дуоси сизни бало – қазодан асрайди. Муҳаммад Юсуфни ҳам она дуоси бир умр қўллаган бўлса, не ажаб. Ривоят қилишларича, Мусо алайҳиссалом Аллоҳ таолога жаннатда унга ким қўшни бўлишини билдиришини сўраб, ёлворибди.
Бир куни шундай нидо келибди;
–-Эй Мусо, фалон ерда яшовчи қассоб сенинг жаннатдаги қўшнинг бўлади…
Мусо алайҳиссалом қизиқиб, қайси яхши амали учун бунга лойиқ бўлганини билиш ниятида йўлга чиқибди. Ҳазрати Мусо ўша одамни қидириб топди. Қассоб Ҳазрати Мусони ҳақ пайғамбар эканини билган, иймон келтирган эди. Лекин ўзини кўрмаган эди. Шунинг учун уни танимади. Кечқурун қассоб Ҳазрати Мусони уйига олиб кетди. Овқат тайёрлади. Дастурхон ёзди. Овқат ейишдан олдин, қассоб деворга осилган замбилни ерга туширди ва ундан ҳаракат қилишга сира мажоли йўқ, қариб қартайиб қолган кампирни чиқарди. Худди гўдакни овқатлантиргандек, уни едирди, ичирди ва яна замбилга қўйиб оҳиста деворга осди. Шунда кампир нималардир деб пичирлади. Кекса кампирнинг нима деганини тушунолмаган Мусо алайҳиссалом саволомуз қассобга боқди:
–Ўғлим,бу кампир киминг бўлади?
Қассоб мусофирга жавоб берди:
–Бу аёл менинг онам бўладилар. Ўтириб – туришга, овқат ейишга сира ҳоли йўқ. Шу боис ўзим едираман, ичираман, тозалигига қараб парваришлайман. Қўлимдан келгунича кўнглини олишга интиламан.
Мусо алайҳиссалом:
–Ҳозиргина у сенга гапиргандай бўлди, нима деди?
Қассоб деди:
–Эй Тангрим! Мен ўғлимдан хурсандман. Сен ҳам ундан рози бўл. Жаннатда уни Ҳазрати Мусога қўшни қил.
Конец ознакомительного