Фаросатли кишига узундан-узоқ маслаҳат беришнинг ҳожати йўқ. Нигоҳу қарашингиздан не деяжагингизни билиб, ишини қилаверади. Бу масалада эгаси қисганга эса неники сўйламанг, бефойда. Тўғри деб билган янглиш фикру тирикчилиги, кўзи кўриб турган ва ҳақ деб билган ҳақсизлигидан қайтмайди.
…Олий суд ва подшоҳ фармонига биноан Чернишевскийни қамоқхонадан конвой қуршовида сазойи қилмоқ учун Сенат майдони томон олиб бормоқдалар. Сазойи қилинмоқ деган жазонинг ижро этмоқ тартиби шундай бўлган.
Ички ишлар вазиридан бу жараённи ёмғир ёғиб турган куни, маҳбуснинг шалоббосини чиқариб амалга ошириш ҳақида оғзаки кўрсатма келган эди.
Маҳкум мингларча халойиқ тўпланган майдонга қўлига кишан урилган ҳолда намойишкорона равишда қамоқхонадан пойи пиёда дор остига олиб борилади. Ўғри ва каззоблар сазойи қилинса, йўл бўйидаги кишилар унга турли туман ашёларни отиб, таҳқирлайдилар. Ярамас сўзлар-ла ҳақоратлайдилар.
Қамоқхонанинг залворли темир дарвозаси юракка ғулу солиб очилади. Кишанли, шом туби қоронғи даҳо – Чернишевский нам тортган ботинка, эски пальтода жаллодлар қуршовида оёғини зўрға кўтариб босиб, ҳамон Сенат майдони томон одимлайди.
У хокисор ва беозор кўзларини ўзига ҳадик, қўрқув ва ҳайрат ила боқаётган, бироқ гунг, кўр ва карга айланиб қолган эркагу аёлларга, оломонга тикади. Бирортасининг ўзидан аҳвол сўраб бир оғиз илиқ сўз сўйламоғини, меҳрли нигоҳ-ла боқмоғини беклайди.
Ахир, куни кеча бу одамлар унинг ортидан эргашиб, “Нима қилмоқ керак” ва бошқа китобларига дастхату маслаҳат сўраб, олқишлаганча орқасидан этана бўлиб юрган эдилар-ку?!
Нега улар бугун сассизлик уммонига кўмилганча унинг бошига дор ҳалқаси тушишини кутиб туришибди? Нега дамлари ичига тушиб кетган? Ёки қаршисида у ҳаётида кўрмаган ва дуч келмаган мутлақо бошқа оломон турибдими?
Бу сукут суиқасди эмасми? Сукут суиқасди Пушкину Лермонтовлар қурбон кетган дуэлдан-да хавфли-ку? Унда бир киши шаҳид кетади. Бунда эса элу элатлар суиқасд қурбони бўладилар.
Кишилар бир-бирларининг қувончларига шерик бўлганларидек, қайғули, оғир дамларда ҳам ҳамдард бўлишлари керак эмасми? Ёки одамлар бир неча кунда ўзгариб қолдиларми? Ёким у шу пайтгача ёзиб, халқини иқно этмоқчи бўлиб юрган ғоя ва мақсадларнинг барчаси ҳавойи, асоссиз гаплар эдими?
У шу азобли ўйлар, юракни ўртовчи фикрлар оғушида ҳамон Сенат майдони томон одимлар, файтон ва полиция араваларининг ёғланмаган гупчакларининг ёқимсиз ғичирлаши, отлар наълинининг тошга урилиши, орқадан саф тортганча ер тепиниб келаётган аскарлар этигининг гурсиллаши ичидаги аламли ҳис-туйғуларни