Темур қўлетар жойда турган қомуснинг биринчи жилдини олди. Варақлай-варақлай, 557-бетдан “Аҳмад Яссавий” сўзини топди. Бироқ у ерда “қ.Яссавий” кўрсаткичи берилган экан. Демак… Темур жилдданжилдга ўта-ўта 10-китобга етди ва 412-бетда “Яссавий, Хожа Аҳмад Яссавий” мақоласини кўриб, кўзи қувнаб кетди. Хаёлида ушбу мақоладан Беҳбудий ҳақида маълумот топадигандек эди. Бироқ Яссавий ўн биринчи асрнинг иккинчи ярмида таваллуд топган, ўн иккинчи асрнинг 66-йилида вафот этган. Беҳбудийдан етти аср муқаддам яшаган. Қомусда “Яссавий авлодидан”, деган икки сўзда ифодаланган бу маълумотга ҳеч ерда ойдинлик киритилмаган. Чамалади. Яссавий билан Беҳбудий орасидаги наслий-сулолавий ришталарни ўрганишга ожизлигини тан олди. Беҳбудийнинг “муфти даражасига кўтарилди”, деб таърифланганига эътибор берди. Ахир, муфти – диндоргина эмас, мусулмон динига мансуб қавмнинг улуғи, раҳнамоси, каттаси дегани!
Темур ўзининг диний маълумот борасида бориб турган омилигини ўйлаб, тилини тишлади. “Бисмилло”ю, “Оллоҳу акбар”дан нарига ўтолмайдиган одам қанақасига Яссавий шахсини, унинг авлоди бўлмиш муфти мақомига эришган зотнинг ҳаётини, мақсад-маслагини ўрганади? Борди-ю, фожиона ўлим топиши ҳам диний эътиқодига боғлиқ бўлса-чи? Дадаси раҳматли билан бу мавзуда деярли суҳбатлашмаган, бобоси вафот этганида Темур уч ёшдан ошмаганди. На мактабда, на дорилфунунда диний таълимотдан савод берилган. Ҳа-я, Тожиддин тоғаси бор – ёш эканига қарамай намозхон, яқин қариндошлар йиғилишиб қолишгудай бўлса, катта демай-кичик демай, насиҳат сўқишга тушади. Биронтанг китоб ўқимайсанлар, саводларинг йўқ, дея маломат ёғдиргани-ёғдирган. Бир сафар Азиз акаси, шу замонда китоб ўқимаган одам қолмаган, тоға, деди-ю, балога қолди.
– Сенлар ўқиган китоб китобми?! Қуръонни ўқи, ҳадис китобларни ўқи, ана уларни китоб деса бўлади!
Онаси укасини юпатишга уринди: ҳой, астароқ, ука, сал-пал эсини танисин, сен айтган китобларни булар ҳам ўқийди, ўзинг ҳам…
– Мани ўртага тиқиштирманг, – жеркиб ташлади тоғаси, – мани ўтмишим йўқ, мани бугуним бор, охиратим бор, вассалом! Мани оғзимга ургунча, манавиларингиззи кўзини очишни ўйланг, опа!
Яшил муқовали жилддаги “Беҳбудий Маҳмудхўжа” мақоласи Темурнинг назарида жуда қисқадек туюлди. Темур ҳар қанча маълумот бўлса, қизиқиб-ютоқиб олишга шай эди. Шу пайт кутубхоначи опа худди шундай катталикда, фақат тўқ кўк тусдаги энциклопедия жилдларини чоққина болалар аравачасига солиб, ғилдиратиб чиқди.
Темур керакли жилдни ола солиб, ўзи истаган мақолани зумда топди, ўқишга киришди. Ўқиётиб йиғмажилддаги иккинчи мақола – “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 1995 йил 6 январь кунги сонида босилган Ҳалим Сайиднинг “Беҳбудийни қатл этган ким?” деб номланган мақолани кўз олдига келтирди. Энтикди, вужудига титроқ турди. Хаёлида Беҳбудийнинг қотили ёки қотиллари номма-ном ёзилгану, уларни билиб оладиган, мушкули осонлашадигандек эди.