Амир Алишер. Шуҳрат Сирожиддинов. Читать онлайн. Newlib. NEWLIB.NET

Автор: Шуҳрат Сирожиддинов
Издательство: Adabiyot
Серия:
Жанр произведения:
Год издания: 0
isbn: 978-9943-3836-3-8
Скачать книгу
яъни ҳижрий 905/1499–1500 мил.) йили Тошкентда туғилган. Умрининг асосий қисми Кошғарда ва охири Ҳиндистонда ўтган. Унда Навоий ҳақидаги маълумотларни улуғ шоирни шахсан таниган кишилардан олиш имконияти йўқ эди. Ҳатто умрининг охирини бобурийлар саройида ўтказган Хондамир ҳам Мирзо Ҳайдарнинг Ҳиндга келишидан тахминан етти йилча илгари вафот этиб кетган эди. Шундай бўлгач, Мирзо Ҳайдар баҳс этилаётган мавзу бўйича ўз маълумотларини қайта текшириб кўриш имконига эга эмас эди. Учинчидан тарихий асар яратилиш жараёнида муаллиф баъзида ёзма манбаларга эмас, балки узунқулоқ гапларга таяниб, уларни факт сифатида қайд этганлиги фанга маълум. Тарихчи олим Т.Султонов XV–XIX асрларда яратилган тарихий асарлар мазмунига бағишланган тадқиқотида таъкидлашича, Мирзо Ҳайдар ҳам кўпгина ўринларда шу йўлдан борган14.

      Навоийнинг ўзи ота-боболари темурийлар салтанатида “Улуғ маротибға сазовор ва бийик маносибға комгор бўлғон эрдилар” деган экан, биринчи навбатда унинг ўзига ишонмоқ керак. Мирзо Ҳайдарникига ўхшаш хулоса кейинги асрларда яратилган айрим манбаларда ҳам учрайди. Жумладан, “Баҳр ул-асрор фи маноқиб ал-ахйор” (XVII аср, Балх), “Том ут-таворих” (1598 йил, Бухоро), Фаҳмийнинг “Тазкират уш-шуаро” (XIX аср, Самарқанд), Садр Зиё тазкирасида (XX аср, Бухоро) ҳам қисқа тарзда “Амир Алишернинг аждодлари уйғур бахшиларидан” деган қайд мавжуд15. Эътибор берилса, ушбу бир хил маълумот фақат Ўрта Осиёда яратилган манбаларда учрамоқда. Шуниси қизиқки, “Тарихи Рашидий” асарини чуқур ўрганган тарихчи Т.Султонов ҳам унинг нусхалари Ўрта Осиё ва Шарқий Туркистондан ташқарида, хусусан, Яқин Шарқда тарқалмаганлигини алоҳида таъкидлаган. Амир Алишернинг “бахши”лардан эканлиги ҳақидаги кейинги даврларда учраган маълумотлар Мирзо Ҳайдар асаридан олинган дейиш мумкин.

      Хондамирнинг тарихга оид “Ҳабиб ус-сияр” асарида (1524 йил тугатилган) биринчи марта Навоий отасининг исми зикр этилади. Унда қайд этилишича, шаҳзода Мирзо Султон Иброҳим б. Алауддавла б. Бойсунғур б. Шоҳрух Мирзо Самарқанд ҳукмдори Абу Саъид Мирзо ҳузурига элчилар юборилганда уларга ҳамроҳлик қилиш Амир Алишернинг отаси Ғиёсиддин Кичкинага топширилган16. Мирзо Ҳайдар Дўғлот ҳам “Тарихи Рашидий” асарида унинг отаси номини Амир Кичкина тарзида келтиради17.

      Навоий вафотидан кейин 1521–1522 йилда ёзилган Фахрий Ҳиротийнинг “Латоифнома”сида шундай келтирилади: “Мирнинг таржимаи ҳолидан хабардор мўйсафид тарихчилар ва тўғри сўзли дунё кўрганлар ўз асарларида шундай келтирадиларким, Мирга амирлик мансаби меросийдур. Унинг отаси Амир Кичкина султон Абу Саъиднинг хизматида эди (гап Абу Саъид Мирзо Хуросон тахтини эгаллаган 1457 йилдан кейинги давр ҳақида кетмоқда – Ш.С.). Гарчи муҳру мансаби бўлмаса ҳам катта ҳурматга эга эди. Она томонидан бобоси Амир Шайх Абу Саъид Чанг Мирзо Бойқаро хонадонида Амир ул-умаро эди. Мир ўн ёшлигидан Бобур Мирзо хизматида бўлиб, (султон) уни фарзандидек кўрарди.


<p>14</p>

Памятники…192.

<p>15</p>

Баҳр ул-асрор,160а; Тазкираи Фаҳмий, 36а.; Садр Зиё, Баёз. 20а; “Том ут-таворих”даги маълумот А.Ҳайитметовнинг мақоласидан олинди. Қаранг: Ҳайитметов 1974 (2),184.

<p>16</p>

Ҳабиб ус-сияр, 570а.

<p>17</p>

Тарихи Рашидий,121б .