Умуман, қўлланмани ёзишда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан 2011 йил 17 сентябрдаги 392-сонли буйруқ билан тасдиқланган “Сиёсатшунослик” фанидан намунавий дастур асос қилиб олинди.
Мазкур қўлланманинг кейинги нашрларини янада мукаммал ва самарали бўлишини таъминлаш мақсадида ижтимоий-сиёсий фанлар соҳасида фаолият юритаётган олимлар, профессор-ўқитувчилар, талабалар, шунингдек қўлланмани ўқиган барча китобхонлардан қўлланмага доир ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдиришларини сўраймиз.
I бўлим. СИЁСАТШУНОСЛИК ФАНИНИНГ
МЕТОДОЛОГИК ЖИҲАТЛАРИ
1-мавзу. Сиёсатшунослик фан сифатида
1. Сиёсатшунослик фани предмети, объекти ва вазифалари.
2. Ижтимоий фанлар тизимида сиёсатшунослик фанининг ўрни.
3. Сиёсатшунослик фанининг бошқа фанлар билан ўзаро алоқадорлиги.
4. Сиёсатшунослик ўқув фани сифатида.
Ўзбекистонда мустақиллик даврида жамият сиёсий тизими ва сиёсий муносабатларининг бутунлай янги шакли – демократик қадриятлар асосидаги институтлари шаклланди. Собиқ социализм давридаги давлатчилик ва жамият тизимига барҳам берилди, ягона яккаҳоким мафкурага амал қилиш тўхтатилди. Мустақилликнинг илк давридан бошлаб мамлакатда миллий демократик давлат ва жамият қуриш ислоҳотлари бошланди. Бу туб ўзгаришлар асосан ривожланган мамлакатлар ва миллий анъаналар асосида амалга оширила бошланди.
XXI асрнинг бошларига келиб Ўзбекистонда фуқаролик жамияти ва ҳуқуқий давлат қуришни асосий стратегик пировард мақсад сифатида эълон қилиниши муносабати билан сиёсатшунослик фанини ўрганишга бўлган зарурият янада кучайди. Президент И.А.Каримов томонидан “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси”ни илгари сурилиши, унда дaвлaт ҳoкимияти вa бoшқaрувини дeмoкрaтлaштириш, аxбoрoт сoҳaсини ислoҳ қилиш, axбoрoт вa сўз эркинлигини тaъминлaш, мамлакатда сaйлoв ҳуқуқи эркинлигини тaъминлaш вa сaйлoв қoнунчилигини ривoжлaнтириш, фуқaрoлик жaмияти институтлaрини шaкллaнтириш вa ривoжлaнтиришга доир ҳуқуқий асосларни ривожлантириш масалалари3 сиёсий фанларга улкан вазифаларни юклайди. Шу билан бирга, истиқболда фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга доир ислоҳотларни янада чуқурлаштириш жараёнлари сиёсий фанларни жаҳондаги ривожланган мамлакатлар тажрибаси ва миллий мерос асосида янада такомиллаштиришни долзарб вазифа сифатида ҳаёт кун тартибига