ОЛИГАРХНИНГ МЕРОСХЎРИ. Чингиз Абдуллаев. Читать онлайн. Newlib. NEWLIB.NET

Автор: Чингиз Абдуллаев
Издательство: Yangi asr avlodi
Серия:
Жанр произведения:
Год издания: 0
isbn:
Скачать книгу
яхши-да.

      –Келаман, – деди Дима. – Ҳозир эса қандай қилиб тўйиб ичсам, нима бўлганини унутсам, деб ўйлаб турибман. Агар бу воқеалар тушимда содир бўлса эди, уни ҳаётимдаги энг ғаройиб туш, деб ҳисоблаган бўлардим. Бунинг устига бировларнинг олдида лаққиллаб юбормаслик учун тилимни тийиб туришдек азобга ҳам чидашим керак.

      –Бу ҳақиқатан ҳам оғир азоб бўлади сен учун, – деди Ринат машинадан тушиб, эшикни қарсиллатиб ёпаркан.

      Йўлакка қадам қўйган заҳоти, бурнини жийирди. Илгари бу ернинг бунчалик бадбўй эканини сезмаган экан. У пул тўла сумкасини тутиб, зинапоядан кўтарилди. Эшикни очиб уйга кирди-да, кийим илгич ёнига сумкани улоқтириб, йўл-йўлакай ечинганча, хонага кирди. Катга ўтириб, атрофига назар ташлади: бурчакда ўртача катталикдаги телевизор жойлашган, эски мебель, ўзининг иш столи, компьютер, принтер, оҳори кетган дарпардалар, сарғайиб кетган қандил – ҳаммаси ўша-ўша. Наҳотки, унинг ҳаётида ғайритабиий эврилиш юз бериб, бутунлай бошқача шароитда яшайдиган даври бошланган бўлса? Шу лаҳза эсига пул тушиб қолди. Ўрнидан турди-да, йўлакка чиқди. Сумкани хонага олиб кирди. Юз долларлик пачкалар айқаш-чуйқаш бўлиб ётарди. Битта дастани олиб, ўрамини йиртди. Қаради. Энди бир умр пул хусусида қайғурмаса ҳам бўлади Саёҳат қилиши, дунёдаги энг ғаройиб масканларни томоша қилиши, меҳмонхоналарнинг сарасида яшаб, энг ҳашаматли ресторанларда яйраши мумкин. Қимматбаҳо ва ноёб китобларни ўқишга, дунёнинг донғи кетган донишмандлари билан суҳбат қуришга, Тибетга боришга, Қуддиси шарифни кўришга, Римни томоша қилишга қурби бемалол етди. Ҳатто, энг моҳир меъморларни таклиф қилиб, ақл бовар қилмайдиган мўъжизавий иморатларни бунёд этса ҳам бўлади. Ўта ақлли китоблар ёзиши ҳам мумкинки, уларнинг чоп эттириш учун ҳомий ва ношир излаб тентирамайди… Ринат қўлидаги даста пулни столга қўйди-да, сумкани жавонга тиқди.

      Қандайдир беъмани нарсалар хаёлга келади-я, ижирғанди у. Қўлимга пул тушса бас, дарров қандай қилиб совуришни ўйлайман-а. Йўқ, бу маблағни қандайдир самарали ишга сарфлашим керак, қалами ўткир журналистларнинг бошини қовуштириб, янги журнал очсам, Димани бош муҳаррир қилиб қўйсам ҳам бўлади. Лекин, Диманинг раҳбарликка уқуви йўқ, бош маслаҳатчи бўлиши мумкин, жамоага раҳнамоликни эса бошқа бировга юклатиш лозим. Ринат кулимсиради. Яхшиямки, хаёлидан кечган фикрларни Дима эшитмайди, акс ҳолда ўлгудек хафа бўларди.

      Эшик қўнғироғи жиринглади. Ринат бугун Оксана келадиган кун эканини эслади. Соат саккиз бўлаётганди. Бўлажак даромадини тақсимлаш билан ҳаддан ташқари чалғиб кетипти, чамаси. У ўрнидан туриб, эшикни очишга борар экан, кечки овқатга ҳеч нарса олмаганини, ҳатто, уйида нон ҳам йўқлигини эслади.

      Оксана кирасолиб одатдагидек яноғидан ўпди. Қиз новчагина бўлиб, Ренатдан ҳам баланд эди. Бежирим юзли,мовий кўзли, бурни салгина танқайган бўлиб, сомонранг узун сочларини тепасига бир тутам қилиб тугиб юрарди. Ўтган йили продюссер ҳузурида танишганларидан бери Ринатнинг уйида учрашиб туришарди.

      Қиз одатига кўра ошхонага ўтди. У ишдан чиқиб келиб, одатда кечки овқатни шу ерда қилар, агар Ринатнинг пули бўлса, бирор ёққа