– Булар сени чув туширишади, -шивирлади у Ринат томонга энгашиб, –юрагим сезаяпти, катта пулга туширишади. Ҳозирча қўл қўймай турсанг бўларди.
–Хўш, нонуштангни нима қиламиз? – зарда аралаш сўради Ринат. –Ёки энди тушликка розимисан? Ёнимда бор-йўғи уч юз доллар қолган. Агар менга ҳозир минг доллар беришса, ҳар қандай қоғозга қўл қўйишга тайёрман.
Леклерк унинг гапини эшитиб тургандек:
–Пулни олиб келиш учун аллақачон банкка одам кетган. Кундалик сарф-харажатларингиз учун ҳозир уч юз минг доллар келтиришади. Айтгандай, сиз пулингизни долларда оласизми ё еврода бўлгани маъқулми?– деди.
-Долларда оламан, – хўрсинди Ринат, худди, елкасини босиб турган тоғ ағдарилгандек. – Қолган пулларни қачон беришади?
–Биз сизга чек дафтарини берамиз ва банк ячейкасидан фойдаланиш ҳуқуқини берадиган ҳужжатларни номингизга расмийлаштирамиз, –тушунтирди Леклерк. –Пулингиздан эртаданоқ фойдаланишингиз мумкин. Ҳозирча сизга беришимиз мумкин бўлгани шу. Қолган пуллар билан компаниянинг акциялари текширувни тугатганимиздан кейингина сизга ўтади.
–Унда кутиб тураман, – қарор қилди Ринат олийҳимматлик билан.
Тушликни қандайдир машҳур япон ресторанига буюришган экан. Суси ва сасими солинган қутиларни кўриб, Дима ҳаяжондан қийқириб юборди. Тўғри, ароқ йўқ эди, ҳатто, саке ҳам айтишмапти, номардлар. Плавник эса иш пайтида, шунда ҳам, фақат, мижозларга бир қадаҳ конъяк таклифи қилиш билан кифояланар экан.
Учрашув кечки соат олтигача чўзилди. Ҳамкорлар эртага эрталаб учрашиб, қолган ҳужжатларни кўздан кечиришига келишдилар. Икки ошна маҳкамадан чиқишганда қош қорайиб қолганди. Куз пайти Москвада шом эрта тушади. Ринатнинг қўлида пул солинган кичикроқ халтача бор эди. Дима содир бўлган воқеадан ҳамон эсанкираб турган Ринатни туртди
–Тентакнинг тилаги рўёбга чиқди. Сен энди миллионерсан.
– Миллионер бўлишни орзу ҳам қилганим эмасман,– тан олди Ринат . – ҳатто, нима қилишимни ҳам билолмай гаранг бўлиб қолдим.
–Эртага сенга Москвадаги квартиранинг калитини беришади, бемалол кўчиб ўтишинг мумкин, – эслатди Дима, – Бундай олганда, сен оддий миллионер эмассан, миллиардерсан. Бўлажак, албатта. Тасаввур қиласанми, бу ҳақдаги илк кечинмаларингни ёзсанг, қанча қалам ҳаққи олишинг мумкин? Мен нималар деяпман ўзи? Қандайдир ахмоқона гапларни айтаяпманми? Сен қалам ҳақини нима қиласан? Ҳозир ҳар қандай газетани, ҳар қандай журнални, ҳар қандай журналистни сотиб олишга қурбинг етади. Бор бойлигингнинг тушадиган фоизнинг ўзи Москвадаги жами журналистлар топадиган пулдан кўп бўлгач, қалам ҳаққини бошинга урсанми? Эшитаяпсанми гапимни?
–Эшитаяпман.
Улар Диманинг “тойчоғи” ёнига ўтиб, машинага ўтиришди.
–Балки, ҳозир тўппа-тўғри бориб, сенга машиналарнинг энг зўрини сотиб олармиз,– таклиф қилди Дима.– Кейин Лизани йўқлаймиз. Аламидан ёрилиб ўлсин.
–Кераги