Айтайлик, тариқ экилган дала бор, тоғда эса жилға. Ана шу жилға сувини қандай қилиб далага олиб келиш мумкин?
Уйда ўтин бор. Гап тушликка қандай таом тайёрлашда қолган.
Муҳаррир менга ёзган мактубида исталган жанрни танлашимга рухсат берганди: ҳикоями ё қисса, шеърми ёки мақола. Лекин танлаш имконияти қанча кўп бўлса, танлаш шунча қийин.
ЁН ДАФТАРЧАДАН: Адабиёт институтига кирганимда, биринчи босқичда йигирмата шоир, тўртта ёзувчи ва битта драматург эдик. Иккинчи босқичда ўн бешта шоир, саккизта ёзувчи ва битта драматург ва битта танқидчи бўлдик. Учинчи босқичда саккизта шоир, ўнта ёзувчи, битта драматург ва олтита танқидчига бўлиндик. Охирги – бешинчи босқичда битта шоир, битта ёзувчи, битта драматург қолдик, бошқалар танқидчи бўлиб кетишди.
Эҳтимол, бу бўрттириб тўқилган латифадир. Аммо унда ҳаёт ҳақиқати мужассам. Негаки, кўпчилик ижодини шеър тўқишдан бошлайди, кейин насрга, кейин драмага, кейин мақола ёзишга ўтади. Ҳозир киносценарий ёзиш урф бўлиб бораяпти.
Шоҳлар баъзан маликаларини фарзанд кўрмаганликда айблаб ўзгартиришади. Бир неча марта уйлангандан кейингина айб маликаларда ё фарзандсизликда эмаслигини тушуниб етишади. Чунки уларнинг кўзи тушади, шу атрофда яшаган деҳқон умри бўйи бир аёл билан тирикчилигини ўтказаяпти ва лекин бир этак болалари ҳам бор.
Мен шундай ўйлайман: вино ич, лекин ўзингни нон ейишдан тийма. Қўшиқ куйла, лекин эртакларни ҳам тингла. Шеър ёз, лекин ҳикояни олдингга солиб ҳайдама.
НАСР. Эсимда, онам болалигимда ухлатишга ётқизар экан, алла айтарди. У битта аллани такрорларди, бошқасини билмасди. Отам таниқли шоир бўлса ҳам ўз болаларига атаб алла ёзиб бермаганди. Онам ҳар хил воқеа-ҳодисаларни ҳикоя қилиб беришни хуш кўрарди. Агар аллани онамнинг шеърияти деб айтадиган бўлсак, ҳикоялар унинг насри эди.
Отам шеърият ҳақида суҳбатлашишни ёқтирмасди. Менимча, у шеър ёзишни жиддий иш ҳисобламасди. У томорқадаги ерни ағдаришга, уй-жойни тузатишга, мол-ҳолга қарашга, томдаги қорни курашга, чақиришган пайт овул ва туманга боғлиқ ишларни бажаришга жиддий ёндошарди.
Отам шеърни ёзиб бўлгач, унинг қаерда чоп этилишига қизиқмасди. Марказий газетами ёки овулдаги деворий газетами, унга бари бир эди. Ҳатто шеърларини деворий газетада чиқаришса кўпроқ қувонарди.
У Анасил Муҳаммаднинг севги куйчиси сифатида танилган ўғли Маҳмудга айтган гапини тез-тез такрорлаб турарди. Айтишларича, ёр ҳажрида саргардон кезиб қийналган, ҳижрон қўшиқларини ёзиб эзилган афтодаҳол Маҳмуд уйга келиб ейиш учун бирон нарса сўраган, отаси эса хотиржам жавоб қайтарган:
– Шеърларингни егин, севгини куйла. Мен сенинг ўрнингга томорқада ишлашдан чарчадим.
Албатта, қушлар сайраб туришлари керак, лекин уларнинг