Мен Маҳачқалъага тоғдан келган доғистонлик бахшининг гапи тўғри деб ўйлайман. Бизнинг шоиримиз ундан ҳар бир бўлимдан биттадан шеърни қўшиқ қилишни сўраган. Бахши қўбизини созлаган, бир неча дақиқа ўйланган ва қўшиқ бошлаган. У узоқ куйлаган. Тингловчилар хавотирга тушишган: агар у бир бўлимни шунча узоқ куйласа, тўрт бўлимни қачон куйлаб тугатади? Аммо бахши сози торларига қўлини қўйиб, қўшиқ айтишни тўхтатган, куйлашни давом эттирмаган. Маълум бўлишича, бахши шу битта қўшиққа шоирнинг асосий туйғуларини, асосий фикрлари берилган мисраларни тўплаган. Шоир ундан нега бундай қилганини сўрабди.
– Дўстим, – дея жавоб қайтарибди бахши, – мана менинг қўбизим, унинг учта тори бор. Мен олдин биринчисини, кейин иккинчисини, сўнгра учинчисини чала олмайман.
ЯНА МАВЗУ ҲАҚИДА. Эҳтимол, ҳамма билар, шундай тоғлик бор эди, доим янги этиги ифлос бўлиб қолишидан қўрқарди. Шу боис айрим жойларда этигини ечиб қўлига оларди ва пайпоқда юрарди. У бир куни тизза бўйи балчиққа дуч келган. Бечора этигини ифлос қилмаслик учун боши билан балчиқда турган.
ШУНДАЙ ҲАМ БЎЛАДИ, шоирлар айрим ҳолатларда санъат асари яратаётган рассомга эмас, дам олиш кунлари ўтказиладиган пойгаларда қатнашадиган чавандозларга ўхшайди. Отининг бўйнини беш дақиқа мукофот шойиси безаши учун отнинг сағринига аёвсиз қамчи тортишдан тойишмайди. Отнинг бўйнига ташланган шойи рўмол ўша кун олинади, лекин сағринига етказилган жароҳат узоқ вақт битмайди. Улар Телетли овулидаги Алибўлатга ҳам ўхшайди. Айтгандай, сиз Алибўлат билан бўлган воқеани билмайсиз.
Кунлардан бир куни Хунзах ноиби ўзининг Алибўлат навкарига шундай дейди:
– Тайёрлан, эртага эрталаб Телетли овулига борасан.
– Мен тайёрман, – деди топшириқни бажаришга ўрганган навкар.
Тоғлардаги чўққилар ёришмасдан Алибўлат туриб отини эгарлади ва Телетли сари йўлга тушди. Тушга яқин у Хунзахга қайтди. Хунзахга кираверишда ундан таниши сўради:
– Оллоҳ ўзи сени асрасин, Алибўлат, узоққа бориб келаяпсанми?
– Телетли овулига бориб келишга улгурдим.
– Нима иш билан Телетлига боргандинг?
– Мен буни билмайман. Буни ноиб билади. Кеча кечқурун у эрталаб Телетлига борасан деди. Мана мен бориб келдим.
Афсуски, адабиётимизда ҳам шундай алибўлатлар бор.
ЯНА МАВЗУ ҲАҚИДА. Шундай йигитларни кўп учратганман, улар уйланишдан олдин юрак амрига қулоқ тутмасдан амакилари, холалари, қариндошлари маслаҳатларига қулоқ солишади. Ёзувчи ва ижод ўртасида севгисиз никоҳ бўлиши мумкин эмас. Ҳаётда эса, холангиз билан маслаҳатлашиб уйланган бўлсангиз ҳам фарзанд туғилаверади. Айтишларича, оилада севги қанчалик кучли бўлса, соғлом бола туғилиш эҳтимоли шунчалик кўпроқ. Агар ёзувчи ва ижод ўртасидаги никоҳ севги