Отам осмонга бирров қараб олиб, эртага ёмғир ёғадими ёки кун очиқ бўладими, дарҳол айтиб берарди. Агар бизда ёмғир томчиси кўлобга айлана ҳосил қилиб тушса, Телега овулида Қуёш чарақлаб турганини, Хунзах овулида эса дўл ёғаётганини яхши биларди.
У менга тариқ бошоғида қанча дон бўлишини, нима учун осмонда чиройли камалак ҳосил бўлишини шошилмасдан тушунтирарди.
Агар овул четида йўловчи кўринса, у нима мақсадда йўлга чиққанини ва кимнинг уйида тунаб қолишини батафсил сўзларди…
Отам буларни нега айтиб берди экан? Ундан кўра қоғозга туширса бўлмасмиди? Улар шоир Ҳамзат Цадасанинг насри бўлиб қоларди.
Ҳаёт ва ҳикоя! Бу тушунчалар отам учун бир хил мазмунга эга эди. У фикрлаш деганда ҳикояни, ҳикоя деганда фикрлашни тушунарди. Шеъриятни эса қайсар юракка ўхшатарди.
Отам ўз ҳикояларини қоғозга туширганда яхши бўларди. Чунки мен улғайганимдан кейин биринчи навбатда юрагимга қулоқ солдим. Агар осмонда қуш учиб ўтаётган бўлса, мен уни осмондаёқ ушлаб олгим, яъни шеърларимга кўчиргим келди. Отам ҳар қанча ҳаракат қилмасин болалигимда тинглаган ўша ягона аллани ҳамма нарсадан, барча ҳикоялардан яхши кўрардим.
Болалигим қўшиқ айтиб ўтди, ўсмирлигим қўшиқ айтиб ўтди, қўшиқ айтиб улғайдим, мана қўшиқ айтиб сочларимга оқ тушди.
Мени тақдир қайга бошламасин, қайси қўшиқларни куйламай, бургутлар учиб келиб қўнишини кутаётган қояларни кўрдим, доим қушлар учиб келиб уя солишини кутаётган уйлар ёнидан ўтдим, шунингдек, шоир келишини кутаётган насрга ҳам кўзим тушди.
Мана, мени кутган қоя устидан тушдим, эшикни ҳам тақиллатдим, у очилиб уйга таклиф этишларини истайман. Тушундимки, ҳаётда кўрганларимни, ўйлаган ва ҳис этган нарсаларимнинг ҳаммасини тўлалигича шеърда ифодалай олмайман.
Тушундимки, бу қўшиқ эмас, тик туриб айтиладиган, наср ёзиш учун енгни шимариш, столнинг ёнига стул қўйиб ўтириш лозим, кечаси уйқу босмаслиги учун аччиқ чой дамлаш ва соатнинг қулоғини бураб қўйиш керак.
Агар ниҳоллар аввалдан тартиб билан экилган бўлса, пойдевор тўғри қўйилган бўлса, уй қурилишида хавотирга ўрин йўқ. Мен эса ёзганларим кейинчалик нима деб номланишини билмайман: ҳикоями, қиссами, эртакми, ривоятми, афсонами ёки оддий мақолами?..
Эҳтимол, айрим муҳаррир ва танқидчилар ёзганларимни ўқиб чиқиб, бу роман ҳам, қисса ҳам, эртак ҳам, умуман ҳеч нарса эмас, дея таъна қилишар. Бошқа муҳаррир ва танқидчилар эса, унисидан ҳам, бунисидан ҳам, умуман ҳаммасидан бир чимдим бор, дея кулиб қўйишар.
Ҳеч қайсингизга эътироз билдирмайман, олдин ўйлаганларимни ёзиб олай. Тугатганимдан кейин уни нима деб атасангиз ҳам майли. Мен китобий қонунлар асосида эмас, юрагим буюрганини қоғозга тўкаяпман.
Ўзимча ўйлайман: агар қозонга гўшт, гуруч, мевани солиб қайнатсам, бирданига туз ва асални қўшсам таомнинг мазасини бузиб