Ором олар, аста хўрсинар,
Жўжасини санаб бўлган куз.19
Шоира Фарида Афрўзнинг ибора қўллашдаги янгилиги шундаки, байтда ташхис санъатини ишлатган: кузни одам қиёфасида шахслантирган. Ҳар қандай китобхон шоиранинг бундай моҳирона ўзлаштириши маҳорат қудрати эканлигини сезади: бундоқ қарасак куз ором олмоқда, бироқ бу ором чинакамми? Унда нега “аста хўрсинади”? Демак, жўжалар баҳорги саноғидан анча озайган, яъни ҳосилнинг чўғи кам…
Бадиият маъносида айтадиган бўлсак, шоира ташхисда таъбир санъатини яратишга муваффақ бўлган, яъни таъбир қўллаш таснифини шу байти билан бойитган.
Шоирларнинг бадиият қўллашдаги ихтирокорликлари чек-чегарасиз бўлади. Ижодкор истеъдоди қанчалик кучли бўлса, бадииятда ҳам унинг ихтирокорлиги шунчалик бой бўлади. Истеъдодлари ўртача, қиёфасиз шоирлар ҳам бу сафдан четда қолмайдилар, улар ижодида ҳам йилт этган бадиий янгилик содир бўлиши мумкин.
Изланишлар шуни кўрсатдики, маҳорати юксак шоирлар, хусусан, Алишер Навоий, Абдулла Орипов сингарилар бадиий санъатлар қўллашда баъзан қоришиқ санъатлар юзага келтирадиларки, бу ҳол китобхонни бадиият олдида лол қолдиришга, ижодкор истеъдодига қойил бўлишига сабабчи бўлади.
Мақсадимиздаги уч нуқтани қайд этишни истардик:
Биринчидан, ҳали ўзбек мумтоз поэтикасида истеъмолга киритилмаган айрим бадиий санъатларни илмий тадқиққа жалб этиш;
Иккинчидан, ҳар бир бадиий санъатни ички таснифга тортиш.
Учинчидан, бадиий санъатлар амалиётида анъана ва таждид муаммосини ёритиш.
I фасл. Маънавий санъатларнинг сеҳрли олами
“Санъат” сўзи тор маънода бадиий санъатни, яъни сўзга мансуб санъатни билдиради. Бу сўз (сунъ) моҳиятида яратиш, бунёд этиш, янгидан пайдо қилиш тушунчалари яширинган бўлиб, кенг маънода ҳамма касб-ҳунарга доир намунали ютуқ маъносини ифодалайдики, адабиётга ҳам ана шу маъно-тушунча доирасида хизмат қилади. Яъни у бадиий санъат, бу дегани – бадиийликни яратувчи унсурдир. Бадиият биринчи ўринда маъно-мазмун, умуман фикрга тегишлидир. Шунинг учун санъатларнинг маънавий тури етакчи бўлиб ҳисобланади. Маънавий санъатларнинг бадиий матнга бағишлайдиган фазилатлари шунчалик кўпки, уларни жуда қисқартирганимизда қуйидаги манзарани кузатишимиз мумкин. Маънавий санъатлар:
• матнга кўп маънолилик бағишлайди;
• маъно хилма-хиллигини бағишлайди;
• ўзаро зид маъноларни ифодалайди; икки ва ундан ортиқ предметларни зидлаштиради;
•