Тан олиш керакки, Ўзбекистонда “Илми саноеъ” луғат-маълумотномалик даражасидан илм даражасига қадам қўя бошлади. Навоий ижоди бадииятига бағишланган тўплам, тамсил юзасидан ёзилган диссертация ва рисола, Р.Орзибеков рисоласи, Ботир Акрамовнинг “Фасоҳат мулкининг соҳибқирони”, Ия Стеблеванинг “Бобур ғазаллари семантикаси”, Сайфиддин Рафиддиновнинг “Мажоз ва ҳақиқат” китоби сингари ўнлаб тадқиқотларни кўрсатиш мумкинки, булар “Илми саноеъ”нинг Ўзбекистонда ўсиб, тараққиёт йўлига кирганлигидан хушхабарлар тарзида қайд этилгуликдир.
Адабиётдан ёқланаётган номзодлик ва докторлик диссертацияларининг шоир маҳоратига бағишланган қисмларида илми саноеъ тадқиқига жиддий аҳамият берилаётганини таъкидлагимиз келади.
Ушбу тадқиқотдан мақсад. XXI аср бошларига келиб илм аҳли орасида “Илми саноеъ” деган илмий истилоҳ амалдаги тушунча сифатида идрок этилди ва қўлланила бошлади. Ундаги асосий санъатлар ҳақида луғат-маълумотномалар, илмий мақолалар, қўлланма ва рисолалар ёзилди. 70-йилларда ҳозирги поэтика соҳасида эришилган ютуқлар улуғ орзу эди, холос… Олимларимиз Эрон, Туркия олимларининг бу соҳага доир китобларидан тегишлича баҳраманд бўлмоқдалар ва ўз тадқиқотларида фойдаланмоқдалар. Шу соҳанинг ютуғи деб кўрсата оладиган китобларимизда озми-кўпми бадиий санъатларнинг 5-6 тасини тасниф қилишга яхши уринишлар бор. Бу уринишларнинг асосий қисми анъанавий тасниф тарзида, озроқ қисми янгича ёндашув ёки мустақил, янгича тасниф қилишга уриниш билан изоҳланади.
Демак, “Саноеъ илми”ни чинакам тадқиқотлар даражасига кўтариш учун энг биринчи қилиниши керак бўлган иш – таснифдир. Зеро таснифда бадиий санъатларнинг миқёслилиги – амалиёти қамрови ўз ифодасини топади ва ҳар бир санъатнинг адабиёт тарихидаги фаоллик ёки “камсуқум”лик даражасини аниқлаш имкони бўлади. Тасниф орқали ҳатто қайси даврларда қайси бадиий санъатлар кўпайгани ва қайси даврларда қайси бадиий санъатлар озайганини тасаввур этиш мумкин. Тасниф орқали қайси ижодкорда қайси бадиий санъатлар кўпроқ, қайсилари озроқ ишлатилганини ҳам аниқласа бўлади. Тасниф қайси бир фан бўлмасин, унинг мундарижасини белгилайдики, мундарижа қанчалик бой бўлса, ўша фаннинг улуғворлиги, муҳимлиги аниқроқ бўлади. Фақат тасниф орқалигина чинакам теран тадқиқотлар юзага чиқишини қайд этиб ўтиш ҳам ортиқча бўлмаса керак.
Агар таъбир жоиз бўлса, таснифни тасаввур этиш учун ўхшатиш келтирайлик. Айтайлик, талмеҳ санъатини бир қишлоқнинг номи дейлик. Талмеҳ деб кетаверсак бир қишлоқ ҳақида мавҳум тасаввур бўлади, холос. Таснифдачи: унда неча кўча борлиги, неча сой ўтади,