Ҳур-ҳур эсиб Ҳурриятнинг шамоли,
Гўзал ёрдай очилди юрт жамоли.
Тракторлар тулпорлардай кишнаган,
Пайкаллар ҳам озод бўлди кишандан.
Шукр дейсан, шу беминнат нонинг бор,
Ўзингники бўлган ғалла, донинг бор.
Топган шаъну шукуҳингдир Истиқлол,
Энг аввало ҳуқуқингдир Истиқлол.
Ёру диёр ҳажрида бир замонлар
Фурқат бобо чеккан эди фиғонлар.
Мана энди, тақдир вафо қилсайди,
Ўз юртига букун қайтиб келсайди.
Кўзларидан ёшлар оқиб шашқатор,
Сажда айлаб ерга такрор ва такрор.
Туриб Қамчиқ довонидан боқарди,
“Шевролет”лар кўнглига ўт ёқарди.
Кўрарди у обод бўлган дилларни,
Қашқаргача кетган текис йўлларни.
Бу дунёда ҳар мулкнинг эгаси бор,
Оламларнинг эгаси Парвардигор,
Бу юртга ҳам қилиб чексиз иноят,
Эгасига бермиш уни ниҳоят.
Ҳар томонда пулдорлару мулкдорлар,
Жаҳон аҳли билан айлаб гуфторлар,
Бўш келмайин савдо-сотиқ бобида,
Эллар аро ўрнатмишлар робита.
Кўприклару шаҳру майдон, кўчалар…
Фурқат бобо завққа тўлди шунчалар.
Янги чаман, гулшанлардан гул олди,
Кейин дашту далаларга йўл олди.
Адирларни адирларга ошириб,
Буғдойзорлар уфқларга бош уриб.
Пахтазорлар қадр кўрган, қаралган,
Эгатлари қиз сочидай таралган.
Кўз ўнгида чўпчакми ё эртаклар?
Фермер бўлмиш аёллар ҳам эркаклар.
Юзларида далаларнинг чанги бор,
Ҳар бирининг ўз пули, ўз банки бор.
Савлатида зўр меҳнатнинг сурури,
Ўзимники деган фахру ғурури.
Изсиз кетмиш кўҳна дарду армонлар,
Кўкрак кериб сармоядор деҳқонлар,
Ерни жисму ўзни ерга жон қилмиш,
Ер шаънини шараф қилмиш, шон қилмиш.
Қанча ўсма кетди, яна қош қолди,
Бобо тағин кўзларига ёш олди.
Чалдиворлар, бўйраларни эслади,
Худбин, тўнгбош тўраларни эслади.
Оғринди кўп элга кўнгли берклардан –
Бирлашмаган амирлару беклардан.
Ўтиб кетмиш замонларнинг ёмони,
Замон бўлмиш ўзбекларнинг замони.
Ниятлари, заҳматлари ҳақ бўлмиш,
Ватан бўлмиш Ватан, эли халқ бўлмиш.
Шоир, сен ҳам шеърни қўй-да, ер олгин,
Ҳар бошоқ, ҳар ғўзадан бир шеър олгин.
Ишлов берсанг – шеър ҳам худди ер янглиғ,
Ер ҳам, боқсанг – ғазал янглиғ, шеър янглиғ.
Ер меҳнати, шеър заҳмати туганмас,
Бу тупроқнинг муҳаббати туганмас.
Топган шаъну шукуҳингдир Истиқлол,
Энг муқаддас ҳуқуқингдир Истиқлол.
Тўй қилайлик икки юз йиллигида
Фурқат бобо фермер хўжалигида.
АВАЗ ЎТАР
Умр ўтар, нафас ўтар,
Орзу ўтар, ҳавас ўтар.
Қаср