Ўзим билан ўзим. Аъзам Аҳмад. Читать онлайн. Newlib. NEWLIB.NET

Автор: Аъзам Аҳмад
Издательство: SHARQ
Серия:
Жанр произведения:
Год издания: 0
isbn: 978-9943-26-110-5
Скачать книгу
пиқирлаб кулиб юборади.

      Чол енгил тин олади: «Ҳе, бир кун одам бўлар-да, бу ҳам».

***

      – Бормай қўя қол, шунча йўлга бир ўзинг борасанми, ўзи келади отанг, – деб уни йўлдан қайтармоқчи бўлади онаси.

      – Қари одам-а! Қоронғида туртиниб юрадими Ахир, чарчаб қоладилар.

      – Чарчамайди, ҳали отдай. Қаридим, деб қўрқитади-да. Эҳ-ҳе, ҳали отанг…

      Унинг жаҳли чиқиб онасига бақиради:

      – Бўлди-е! Ҳамма ишга аралашаверасизми!

      – Ёпирим-эй, бу кишининг оталарига ўхшаб зуғум қилишларини. Аччиқчалари бурунларининг учида туради. Яна ярим йўлдан йиғлаб қайтмагин.

      – Патинкам қани, деяпман сизга!

      – Ана турибди-ку, бурнингнинг тагида.

      У шундай оёғи тагида ётган ботинкасини кўрмаганига изза тортади, лекин сир бой бермай пишиллаб кийина бошлайди.

      – Бир бурда нон олгин йўлга.

      У энсаси қотиб онасига ўшқириб бермоқчи бўлди-ю, лекин уч чақиримлик йўлни, борадиган жойи қабристон ёнида эканини ўйлаб, бир бурда нонни қўйнига солади.

      Юлдузлар хира ялтирайди.

      Йўл олачалпоқ ойдин. Эшак бир текисда йўрғалаб бормоқда.

      У ортига ўгирилиб, эшак дупуридан кўтарилган чангнинг ҳавода эринчоқ туриб қолишини кузатади.

      «Чанг тупроқ орасида сиқилганидан оқариб кетган ҳавоми ёки тупроқнинг майдасими? Чангда қолганингдан сўнг тупурсанг, бурнингни қоқсанг, лой тушади – тупроқнинг майдаси бўлса керак-да.

      Қоронғида ҳамма нарса жимиб қолади-я. Қизиқ, одам ҳам қоронғида қўрқади. Ахир оқшом ҳам қуёши йўқ кундуз-ку, фақат қуёшнинг ўрнига ой чиқади.

      Ойнинг нури нимадан, майда оқиш чангга ўхшаган бўёқми? Ҳавони, йўлни шу рангга бўяган. Соялар қора, чунки уларни ойдан дарахтлар тўсган. Нега ой дарахтларни ҳам оқиш рангга бўямаган? Уларнинг яшил туси ой бўёғи остида қолиб кетмайдими? Худди суюқ ранг суртилгандек ялтирайди. Сояси билан қўшилиб усти ялтироқ, таги чириган, қорамтир пичан ғарамига ўхшайди. Кундузи қуёш сочган нурлар оқшом қайга йўқолади? Борди-ю, кечаси ҳам кундузгидек ёруғ бўлса-да, қуёшнинг ўрнига ой чиқиб турса. Ёки ҳеч ҳам кун ботмаса. Жуда аломат бўлса керак».

      Эшак тўсатдан бурилди. У эшакдан ағанаб тушай деди. Эгарининг қошини маҳкам чангаллаб, қўрқув билан йўлга тикилди. «Нимадан ҳурккан экан, илонми?»

      Думалоқ соя йўл четидаги ўтларга томон ғимирларди: «Э, типратикан экан-ку».

      Боланинг кулгиси қистади.

      «Ойнинг соясига ўхшайди-я… Ой Ер билан Қуёш орасига кирганда сояси ерга тушади. Муаллим айтгани тўғри-ю, лекин сояси бунча баҳайбат? Ойнинг сояси типратикандан сал каттароқ бўлмайдими?»

      Бир марта қуёш тутилгани унинг зсига тушди. Ҳаммаёқни қизғиш қоронғилик босганди ўшанда. Онаси унинг қўлига чўп тутқазиб, «тоғорани данғиллат», деган эди.

      «Ойим қўрққан эди, Абдуалим ҳам. Ўшанда ҳамма қўрққандай эди. Ойнинг соясидан ҳам одам қўрқадими?»

      Чорраҳага келганда эшак секинлади, қулоқларини саланглатиб, хирт этиб қўйди.

      «Ҳа, жонивор-эй, қаёққа бурилай, деб сўраяпти».

      У