Ўзим билан ўзим. Аъзам Аҳмад. Читать онлайн. Newlib. NEWLIB.NET

Автор: Аъзам Аҳмад
Издательство: SHARQ
Серия:
Жанр произведения:
Год издания: 0
isbn: 978-9943-26-110-5
Скачать книгу
икки қават кўрпачада ёнбошлаганча, қўлидаги шингил райҳон билан елпиниб, гоҳ хушнуд, гоҳ дилгир кайфиятда (одам ҳеч нарсани ўйламаса шунақа бўлади) «Бизни ташлаб қайга кетди ул қаро кўзим мани», дея минғирлаб хиргойи қилиб ётган эди, қай гўрдан олашақшақ пайдо бўлиб, нақ тепасида шаққиллаб қолди. Шерқўзи чўчиб тушди, қўлидаги райҳонни дастурхонга ташлаб юборди.

      – Кишт-э, нафасинг ўчсин! Ҳой Каромат, ҳайда буни, ҳозир чакки халтангни тешиб кетади.

      Кечки овқат ташвишида ғимирсиб юрган Каромат ошхонадан чиққунча олашақшақ бир нарсани уқтирмоқчи бўлгандек аввалгидан қаттиқроқ, жон-жаҳди билан шақиллади-да, учиб кетди, қўшнининг тепа шохи қуриб қолган толига қўнди.

      Ўҳ-ў, – деди Шерқўзи хавотирга тушиб. – Яна аччиқ ҳам қиладилар! Сенга чакки халтани қўшқўллаб тутқазиш керак экан-да?

      «Шу қушнинг моякни оғзидан туғиши росмикан? – деб ўйлади у, хаёлига келган нохуш гапларни қувишга уриниб. – Тавба, ҳамма парранда тухумни бир томони билан туғса, бу тентак тескарисини қилади-я! Сабил жуда бехосият қуш-да, айтгани доим тўғри келади».

      Каромат уйдан яна иккита ёстиқ кўтариб чиқди.

      – Мана, бор-ку? – деди Шерқўзи ажабланиб. – Ё ўзинг ҳам ёнбошламоқчимисан?

      Каромат ҳу ўша келинчаклик пайтларидагидек ички бир ҳаяжон билан, юзлари ёришиб табассум қилди:

      – Сизнинг соянгизда ёнбошласам арзимабдими?

      Шерқўзининг ҳайрати ошди: «Бугун жуда нозу фироқлар ўзгача – бирон гапи бор-ов. Бекорга ишва қилмайди бу».

      – Ҳм… ёнбошла, – деди у бошқа гап тополмай.

      Каромат ёстиқларни эрининг ёнбошига қўйиб, чойнакка қўл чўзди:

      – Чойингиз совиб қолибди, янгилаб келайми?

      – Кераги йўқ.

      Каромат эрининг ёнига чиқди, индамай унинг оёқларига суяниб ўтирди. Шерқўзининг кўнгли ғалати бўлиб кетди.

      – Э-э, суйкалмай ўтир. Чарчаб келганман.

      Каромат эрининг совиб қолган чойини ичди-да:

      – Бугун ўхшатиб қуйруқ ёғига палов қилиб бераман, – деди, кейин эрининг кийимларига қараб, қўшиб қўйди: – Алмаштириб олмайсизми, устингиздагини ювиб берардим.

      Шерқўзи томоқ қирди-да, чордана қуриб ўтирди.

      – Менга қара, бирон бундайроқ кийимлик–пийимлик олдингми? Олган бўлсанг, кўп айланиб-ўргилавермай айт-да қўй!

      Каромат маъсум илжайди-ю, индамади, дастурхонга тикилиб ўтираверди. Шерқўзининг сабри чидамади:

      – Гапирсанг-чи!

      Каромат яна индамади.

      Шерқўзи қараса, хотини ҳали-вери оғиз очмоқчи эмас, шунинг учун жўрттага эснаб, ёлғонлади:

      – Айтгандай, Ҳаким бечора: «Хотинини касалхонага олиб бориб ташласангиз», деган эди-я. Сал бўлмаса, эсимдан чиқай дебди. Тур, бошқа кўйлак олиб чиқ, бунингнинг ёқаси тўзиб кетибди.

      Каромат унга ташвиш билан қараб қўйди-ю, лекин ҳадеганда қўзғалавермади. Шерқўзи баттар қистовга олди:

      – Тур, мунча инмиллайсан?

      Каромат бошини кўтарди, хотин бўлиб