Ўзим билан ўзим. Аъзам Аҳмад. Читать онлайн. Newlib. NEWLIB.NET

Автор: Аъзам Аҳмад
Издательство: SHARQ
Серия:
Жанр произведения:
Год издания: 0
isbn: 978-9943-26-110-5
Скачать книгу
Яхши кўраман сизни!

      Бирдан боши енгиллашиб, бўм-бўш бўлиб қолди – у қаддини ростлаб Моҳбибига қаради.

      Моҳбиби китобни икки қўллаб тутиб, кўзларини катта-катта очганча, Каримга тикилиб ўтирган ади.

      – Мабийи? –деди Карим негадир юраги шувиллаб. – Нима дейсиз?

      Моҳбиби ўзгарди; юзида, қалин лабларида қотган табассумга ўхшаш ўлик бир ифода суратланди, кўзларига Каримга мутлақо ёт бир бефарқлик қалқди,

      Каримнинг юраклари эзилиб кетди, шунда ҳам умид узмай Моҳбибига термилди.

      – Мабийи? Мабийи!

      Моҳбиби бош чайқади – бунинг маъноси ўз-ўзидан аён эди: тамом, ҳаммаси тамом бўлди! Ёмон бўлди, жуда ёмон!

      Ҳали даҳанаки жангнинг уришишгача бориб етмаслигига умид қилиб турган бир пайтда дафъатан тушириб қолинган муштдан сўнг кўтариладиган аламли бир ғазаб Каримнинг кўнглига ўрмалаб кела бошлади.

      – Карим, қўйинг, керак эмас шунақа гаплар, – деб ниҳоят тилга кирди Моҳбиби.

      Каримнинг сўнгги умиди чирс этиб ўчди.

      – Йўқми? –деди у.

      – Қўйинг. – Моҳбибининг овози Каримнинг кўнглини ёқимсиз тирмалади.

      Карим отилиб турганича Моҳбибининг ёнига бориб қолганини билмади.

      Моҳбиби унга қараб қўрқиб кетди.

      – Мабийи, йўқми, деяпман? – деди у ҳансираб.

      Моҳбиби секин бош чайқади.

      Каримнинг кўз олди қоронғилашиб, худди йиқилиб бораётгандек, Моҳбибининг елкаларидан ушлаб олди.

      – Менга қаранг, – деб иҳранди. – Менга қаранг деяпман!

      Моҳбибининг елкалари тўла, қаттиқ эди, Каримнинг қўллари ботмади,

      Моҳбиби унинг қўлидан чиқишга уриниб, юлқинди, бошини кўтариб ғазаб билан тикилди. Карим ҳам ундан кўз узмай, елкаларини қаттиқроқ чангаллади.

      Китоб полга тушди.

      Моҳбиби бирдан:

      – Қўй-йи… Қўй, деяпман сенга, – деб чинқириб юборди.

      Шу онда ёввойи ғазаб Каримнинг бўғзига чангал солди, ҳаво йўлларини тўсиб қўйди.

      Карим Моҳбибининг елкаларини қўйиб юборди, кейин… бирдан қулочини керди-да, Моҳбибининг юзига шапалоқ тортиб юборди. Яна нимадир бўлди шекилли, Карим зарбани Моҳбиби эмас, ўзи егандек қалқиб кетди.

      Моҳбиби каравотга ағанаб тушган, кўйлаги юқорига сирилиб, оёқлари очилиб қолган эди.

      Хона чир-р айланиб, Каримга эшикни рўпара қилди.

      Узун коридор… Ортидан таъқиб этиб, елкасига пайдарпай гурсиллаб қоқилаётган қадамлар – ўзининг қадамлари; чўчинқираш, қизиқсиниш, ҳадик билан четланиб, липиллаб қолаётган юзлар, қизғиш-қорамтир йўлак, дарахтларнинг ғадир-будур таналари – Карим ўзига келиб қараса, шусиз ҳам кимсасиз паркнинг хилват бурчагига, кўзёшлари томоғига тиқилиб, ҳирқираганча ёмон, жуда ёмон сўкиниб боряпти.

      У таққа тўхтаб, атрофга олазарак аланглади.

      Кўз олдига Моҳбибининг қўрқувдан каттариб кетган кўзлари келди.

      У яқиндагина бўялган ўриндиққа беҳол чўкди.

      Ўриндиқдан сал наридаги ҳалқобчага бир тўп чумчуқ қўнди; бири қанотларини кериб чириллади.

      Моҳбибини урганда жимжилоғи унинг оғзига